Актриса Муножат Алимбоева отаси ўлмаслиги учун, боласининг ўлимига ҳам рози бўлган оғир кунлари ҳақида гапириб берди (видео)

0

Актриса Муножат Алимбоева отаси ўлмаслиги учун, боласининг ўлимига ҳам рози бўлган оғир кунлари ҳақида гапириб берди.

Бу ҳақда актриса ЯшинТВга берган интервьюсида маълум қилди.

40 кунлик фарзандим оғир касал бўлди. Даволаниб чиққач, бир кучли шифокордан сўраганимизда, «уруғингизда кимдадир шунақа ўпка-нафас олиш касаллиги бор, фарзандингга ҳам бу ўтган», деди.

Дадамга «дада, бизни авлодимизда кимнингдир ўпкаси ёмон экан, шу қондан ўтган экан» дедим. Дадам ёшликларида қаттиқ бронхит бўлган эканлар. Дадам бу гапимни юракларига қаттиқ олибдилар, касал бўлиб қолдилар. «Мендан ўтган касаллик», деб кўнгилларига олдилар, қаттиқ касал бўлиб қолдилар. Энди дадамни йўқотиб қўйишимиз мумкин бўлган хавф, хавотир фарзандимдан дадамга ўтди.

Мен бу пайтда «Тўмарис» ролига рози бўлиб, театрга борганман. Болам икки-уч ойлик бўлиб қолган.

Спектаклда Тўмарис фарзандини Эрон шоҳи Кир олиб қўяди, «давлатингни бермасанг, фарзандингни ўлдираман», дейди. Ўшанда Тўмариснинг қалби ларзага келиб, йиғлайдиган жойи бор. Шунда мен ҳар куни шу сценарийни ўқиётганимда фарзандимни 40 кунлик чақалоқлигида қанақа йўқотаётганимни кўз олдимга келтирардим.

Тўмарис эрини ҳам йўқотган эди. Шу нарсаларни ҳаммасини кўз олдимга келтирардим. Фарзанд йўқотишнинг қанчалар азоблилигини кўз олдимга келтириб, шу сценарийни ўқирдим.

Буёқда дадам касал бўлиб қолдилар. Энди ичимда «Майли, эй Худо, ўғлимни олгин-у, фақат дадамни қайтариб бергин. Фақат дадамга ҳеч нарса бўлмасин. Дадам ўтиб қолмасинлар. Мен ўғилни яна туғиб оларман, лекин отамни қаердан топаман? Отам ўтиб қолсалар ҳеч қачон қайтиб келмайдилар-ку?» деб ҳар куни, тун-у кун Худодан дадамни соғликларини сўрардим.

Аллоҳга беҳисоб шукр, дадам яхши бўлиб қолдилар. Лекин ўша кундан бошлаб, мен дадам учун қўрқадиган бўлиб қолдим. Озгина мазалари қочиб қолса ҳам, дадамни йўқотиб қўйиш хавфи доим миямда айланарди.

Ҳозир ҳам дадамга бир нарса бўлса зириллайман. Ёмон бўлиб қоламан. Ҳамма фарзандим дер экан, ҳеч ким ота-онам демас экан. Ман фарзандимни олгин, лекин дадамни қайтариб бергин дейдиган ғалати инсон эканман. «Фарзандимни ол демасдан ҳам, отамни олиб қўймагин», десам ҳам бўлади-ку. Йўқ, мен шу гаровга кимнидир қўярканман. Бу яхши нарса эмас экан. Гаровга кимнингдир ҳаётини қўйиш керак эмас экан. Бу нарсаларни энди тушундим.

Муножат Алимбоева, актриса ва хонанда

Маълумот учун, актриса Муножот Алимбоева «Жайдари келин» спектакли билан машҳурликка эришган. Актриса «Онам билмасин», «Дадам билмасин», «Эр бермоқ, жон бермоқ» фильмлари ва бир қанча сериалларда ҳам турли даражадаги ролларни ижро этган.

daryo.uz

loading...