Икки кишининг ўлимига сабаб бўлган пичоқбозлик воқеасида икки нафар қиз ҳам бўлган

0

20 сентябрь куни соат 06:00 ларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клубда қотиллик содир этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳодиса бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди.

«ППХ ходимлари воқеа жойига етиб келишганда, пичоқ билан яраланган тўрт нафар йигитлардан бири – 18 ёшли Али Г. воқеа жойнинг ўзида ҳаётдан кўз юмган. Уч нафар йигитлар шифохонага етказилди. Шифохонада жанжалда иштирок этганлардан яна бири – 23 ёшли Данил С. ҳаётдан кўз юмди. 21 ёшли Азиз А. ва 28 ёшли Азизбек Т. айни вақтда шифохонага жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, келишмовчилик икки гуруҳ йигитлар орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қизлар ҳам бўлган ва уларнинг ҳаммаси Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида бўлишган. 5 кишилик иккинчи гуруҳ ҳам ўша атрофда бўлган. Қизлардан бирининг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи бошқа гуруҳдаги йигитга худди унга айтилгандек туюлган. Шу сабабли орада келиб чиққан можаро муштлашувга айланиб кетган. Муштлашув давомида иккинчи гуруҳ иштирокчиси – 23 ёшли Санжарбек Х. пичоқ чиқариб тартибсиз равишда зарба беришни бошлаган. Оқибатда тўрт нафар йигит жабрланиб, улардан иккитаси ҳаётдан кўз юмган.

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан 23 ёшли Санжарбек Х., 18 ёшли Сардор К., 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х. ва яна бир неча киши қўлга олиниб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Гумонланувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилинган 23 ёшли Санжарбек Х. ҳозирда қўлга олинган.

Айни вақтда келишмовчиликнинг яна икки нафар иштирокчиси бўлган 18 ёшли Сардор К. ва 23 ёшли Раҳматуллоҳ Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2 қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мазкур шахслар ҳам қўлга олинган.

Тергов давом этмоқда. Келишмовчиликнинг бошқа иштирокчиларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда», дейилади хабарда.

loading...