АҚШ иккинчи марта Ойга астронавтлар юбормоқчи

0

АҚШ Аэронавтика ва космосни тадқиқ этиш бошқармаси (НАСА) Ойга одамларнинг иккинчи парвози бўлган «Артемида-3» космик дастури учун 28 миллиард доллар ажратилишини эълон қилди.

Экипаж икки космонавтдан иборат бўлади – эркак ва аёл. Парвоз 2024 йилга мўлжалланган, аммо бу Конгресснинг 3,2 миллиард долларлик Ой модулини қанчалик тез тасдиқлашига боғлиқ.

Инсониятнинг Ойга парвозларини давом эттириб, Оқ Уй Американинг космосдаги етакчилигини тиклаш ниятида.

Космонавтлар техник хусусиятлари бўйича «Аполлон» сериясининг капсуласига ўхшаш бўлган «Орион» космик кемасида учади.

Орион – космосга, шу жумладан Марсга узоқ масофаларга парвоз қилиш учун мўлжалланган янги авлод космик кемаси.

Бу 1972 йилдан бери Ойга биринчи қўниш бўлади.

«Артемида дастурини тўрт йил давомида амалга ошириш учун 28 миллиард доллар миқдорида маблағ ҳисоблаб чиқилган, шундан сўнг биз Ойга қўнишимиз керак. Бунга SLS ракета ташувчиси, Орион, ой модулини қуриш ва, албатта, харажатлар киради», – деди душанба куни НАСА маъмури Жим Брайдстайн.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда 3,2 миллиардлик биринчи транш учун Конгрессдан иложи борича тезроқ розилик олиш жуда муҳим, чунки 2021 йилда одам қўниш учун мўлжалланган транспорт воситасини яратишни бошлаш зарур бўлади.

Шунингдек, 2021 йилга Ой атрофида «Артемида-1» экспериментал учувчисиз миссияси юбориш режалаштирилган бўлиб, у бир ой давом этади ва унинг давомида космик кеманинг баъзи асосий тизимлари синовдан ўтказилади.

НАСА ерга қўндириладиган аппаратларни ишлаб чиқарадиган бир нечта компанияларга қарийб миллиард доллар тўлади.

Ушбу ўн йилликнинг охирида Ойда сайёрани узоқ муддатли ўрганиш учун зарур бўлган барча инфратузилма билан «Артемида» база лагерини ташкил этиш режалаштирилган.

Олимлар Ойнинг Жанубий қутбида қандай қилиб муз қазиб олишни ўрганишни истайдилар, чунки у тўғридан-тўғри Ойда ёқилғи ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин, бу уни Ердан етказиб беришдан арзонроқ бўлади.

Артемида билан таққослаганда, 1960-70-йилларда «Аполлон» космик дастури замонавий маънода тахминан 250 миллиард долларга тушган.

Бироқ, ҳозирги лойиҳа учун ажратилган 28 миллиардга «Орион» космик кемаси ва ракета ташувчисини ривожлантиришга сарфланган маблағлар кирмайди.

Sof.uz

loading...