БЕВА АЁЛНИНГ ИЛТИЖОСИ (ўқишнгиз шарт бўлган ҳикоя)

0

Сабиҳа тушида эрини кўриб, чўчиб уйғонди. Эри оппоқ кийимда узоқдан қараб турганмиш. Нимадандир хафа, аёлининг ёнига келмасмиш. Оғиз очиб бирор сўз ҳам демасдан, маъюс тикилиб тураверармиш…
Сабиҳа эртаси куни бу тушининг мағзини чақолмай, ғалати бўлиб юрди. “Болаларим касал бўлиб қолмасмикин?” дея хавотирга тушди. Ҳартугул, болалари ўйнаб кулиб юришибди.
У иш билан ўзини чалғитишга уринди. Туш эсидан ҳам чиқай деганида эшикдан уйнинг эгаси қовоғини солганча кириб келди. Уни кўрган Сабиҳанинг юраги шиғ этди.
— Ассалому алайкум…
— Ва алайкум, — деди уй эгаси ҳамон ўша ҳолатда туриб. — Пулнинг қолганини қачон берасиз?
Уй эгаси Сабиҳага ҳамма шартларни айтиб кетди. Аёл индамай деворга суянганча қолди. Хаёлидан: “Эримнинг безовталиги шундан экан-да”, деган фикр ўтди.
*
Жума намози тугагач, ҳамма аста-секин тарқала бошлади. Ниҳоят, масжиднинг имоми ва яна уч-тўрт одам қолди. Имомнинг кўзи чеккада кўз ёш тўкиб ўтирган аёлга тушди. “Бошига катта мусибат тушибди, шекилли”, деган хаёлга борди имом. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, аёл улар томонга кела бошлади.
— Ассалому алайкум, — деди етиб келгач.
Сабиҳанинг ҳазин овози эркакларнинг юрагига бориб тегди.
— Ва алайкум ассалом, — дейишди бирин-кетин.
— Келинг, — деди имом.
— Келувдим…
Сабиҳа шу биргина сўзниям зўрға айтди. Эркакларнинг салобати босиб, бошқа сўз деёлмади-ю, рўмолчасини юзига ёпиб, йиғлаб юборди.
— Нима гап, синглим? Нега йиғлаяпсиз? — деди имомнинг ноиби ҳайратини яширолмай.
Имом ҳам унинг гапига қўшилиб:
— Бемалол гапираверинг, бу ерга қандай иш билан келдингиз? Нима ёрдам керак? — деди.
Имомнинг “Нима ёрдам керак?” деган гапи аёлга “Барча муаммонгизни ҳал қилиб берамиз” дегандек эшитилиб, хотиржам тортди. У кўз ёшини арта-арта:
— Менга ёрдам беринглар, илтимос, — деди.
— Ташвишингиз нималигини айтмасангиз, қандай ёрдам берамиз?
— Жўжабирдай жонман, уч боламни бир амаллаб боқяпман. Дўппидаккина ҳовлида тураман. Эр-хотин ҳавас қилиб олгандик шу ҳовлини. Шундаям уч миллион қарз бўлгандик. Эримдан кейин шу қарзни ҳеч узолмаяпман. Кеча уйнинг эгаси келиб, “Агар эртага шу пулни топиб бермасанг, ҳовлини қайтиб оламан”, деб кетди.
— Ие, чатоқ бўпти-ку! Шароитингизни тушунтирмадингизми?
— Тушунтирдим. Эшитишниям истамади. Ўзиям шароитимни яхши билади. “Шунча имконият берганим етар, уйнинг ҳам нархи ошиб кетди” деяпти. Агар эртагача уч миллион топиб бермасам, берганим ҳам куйиб, уйни бошқа одамга сотиб юборармиш!
— Вой товба, қизиқ бўпти-ку…
— Яхши иш бўлмабди, тўғри, лекин биз қандай ёрдам беришимиз мумкин?!
— Бошқа суянадиган одамим йўқ, умидим фақат сизлардан… Кечаси билан йиғлаб Худодан сўраб чиқдим. Оҳим етиб борган бўлиши керак… Биламан, Яратган бандасини оғир кунида ташлаб қўймайди… Илтимос, менга ёрдам беринглар, болаларим билан кўчада қолмай…
— Қўлимиздан келадигани Аллоҳдан сизга мадад сўраш, холос. Бошқа ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз. Уйингизга боринг! — деди имом.
Шу пайт эшик тақиллаб, пўрим кийинган бир йигит бош суқди.
Аёл титраб йиғлар, эркаклар нима қилишларини билмай, бир-бирларига ҳайрон қарашарди. Ниҳоят, эшик орқасида турган йигитнинг сабр косаси тўлди шекилли, таклифниям кутиб ўтирмай, салом бериб, ичкарига кирди.
— Кечирасиз, ишим жудаям зарур эди, кутишга сираям вақтим йўқ… Бир нарса сўрамоқчийдим.
— Бемалол, — деди имом унга савол назари билан қараб.
— Яқинда хусусий корхонамиз ишлаб чиқарган маҳсулотдан каттагина даромад кўрганди. Шунинг учун кўпчилик билан маслаҳат қилиб, фойданинг бир қисмини бечораҳол, муҳтож инсонларга беришни режалаштиргандик. Шуни кимга беришни билолмай, сизлардан маслаҳат сўрамоқчи эдим. Илтимос, агар…
— Қанча?
— Уч миллион.
— Уч миллион?!
Ҳамма жим бўлиб қолди. Сабиҳанинг чеҳрасига қувонч ёйилди…

loading...