МИБ: Собиқ ходимларнинг розилигисиз ёки улардан мажбурий тарзда тилхат олинмайди! 

0

Яхши биласиз, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан буён жамоатчилик фикрини, бу идоранинг иш фаолиятини ва унга келаётган танқидий фикрларни сайтимизда кўп бора ёритганмиз.

Хабарингиз бор, кейинги вақтларда, бу идоранинг кўп йиллардан буён “бош оғриқ” бўлиб келаётган коммунал йўналишидаги вазифалари бошқа муассасаларга ўтказилди.

Тўғри, МИБ соҳани тартибга солиш учун анча тер тўкди, кўплаб норози бўлган фуқароолар-у, қаршиликка учраган ходимлари ҳақида ҳам кўплаб хабарлар тарқалди. Аммо бугун бошқа ҳолат ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Биласиз, президент қарори билан МИБнинг коммунал соҳадаги вазифалари бошқа идорага ўтгач, ўз-ўзидан бу соҳага масъул ходимларнинг қисқартирилишига олиб келди. Натижада ижтимоий тармоқларда МИБ собиқ ходимларнинг “исёни” ҳақидаги хабар ва эътирозлар тез-тез қулоққа чалинмоқда.

Мана бугун ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали “Ишдан бўшаган ходимлар 100 фоиз иш билан таъминланади дейилган эди…” деган мазмунда хабар тарқалди.

Хабарда, Бюро директори томонидан селекторда ишдан бўшаган ходимларнинг барчаси иш билан таъминланиши ҳақида айтганини, бироқ ҳудудий бошқармаларда кадрлар бўлими ходимлардан  “ишга киришга бош тортди” деган мазмунда тилхат олинаётганлиги баён этилган.

Мазкур масала бўйича биз Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов билан боғландик.

— Маълумки, жорий йилнинг 18 июнь куни Давлатимиз раҳбарининг “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6010-сонли Фармони билан Бюронинг электр энергияси, табиий газ ва маиший чиқинди соҳасидаги тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича вазифалари бошқа идораларга ўтиши муносабати билан ўз-ўзидан Бюро органларидаги соҳага масъул 7 мингдан ортиқ ходимларнинг штат бирликлари сонининг қисқаришига олиб келмоқда.

Дастлаб, ходимларга Меҳнат кодексининг 102-моддасига асосан иш берувчи билан ўрталаридаги келишувга биноан юқоридаги огоҳлантиришни — муддатига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришлари мумкинлиги ҳамда бошқа иш қидириш учун ҳафтада 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, ҳудудий бошқармалар томонидан қисқартирилган ходимлар рўйхати шакллантирилиб, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Қашқадарё Ҳудудгаз” МЧЖларга тақдим қилинди, ҳозирда ходимларни таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда иш жойлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

— Айтинг-чи, собиқ ходимларга сизлар таклиф этаётган ишлар маъқул келмаган ҳолатлар ҳам кузатиляптими?

— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу таклиф этилган иш ўринларини рад этаётганлар ҳам йўқ эмас.

Шунга қарамасдан, таъминотчи корхоналар ва бошқа идоралар билан собиқ ходимларни бўш ўринларга жойлаштириш масаласи тўхтагани йўқ.

Ҳозирда, собиқ ходимларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган, қолган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган кафолатли тўловлари тўлаб берилиши таъминланади.

Шуни яна бир бор таъкидлаб ўтаманки, бу каби масалалар бўйича мурожаатларга ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда тушунтириш бериб келинмоқда.

— Балки, собиқ ходимларга янги иш ўринлари ҳақида тушунтириш бериш ишлари яхши ташкил этилмагандир...

— Биласизми, юқоридаги каби тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун собиқ ходимларнинг иш ўринларига жойлаштирилиши, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳақида тушунтириш бериш ҳамда мулоқот олиб бориш юзасидан ҳар бир ҳудудий бошқармаларда масъул ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Хабарда келтириб ўтилган “ишга киришга бош тортди…” деган мазмунда тилхатлар олинаётгани ҳақидаги важлар эса мутлақо ёлғон!

Бунга бир неча сабабларимиз бор, аввало, Бюронинг марказий маҳкамасида, собиқ ходимларнинг мурожаатларини қабул қилиш,  меҳнат қонунчилигига амал қилиниши, иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланиши масалалар бўйича Ишчи гуруҳимизнинг мурожаат телефон рақамларини маълум қилганмиз (71-207-11-23, 71-207-11-26, 71-207-11-98).

Ҳақиқатан ҳам, кун давомида келиб тушаётган кўплаб мурожаатларга зудлик билан жавоб қайтариш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бироқ “ходимлардан мажбурий тарзда тилхат олингани” тўғрисида ҳанузгача мурожаат ёки шикоятлар келиб тушмади.

Агар бу тарзда мурожаат келганида, албатта, хизмат текшируви орқали масъул ходимларга қатъий чора кўрган бўлардик.

Ҳаттоки аноним тарзда берилаётган хабарлар бўйича Ижтимоий тармоқларда мулоқот олиб борилмоқда ва аксарият ҳолларда, собиқ ходимлар якуний ҳисоб-китоб масаласининг ҳал этилишига оид мурожаатлар бўйича саволлар беришмоқда, лекин “тилхат олиниши” ёки мажбурий характердаги бирор-бир фактларни маълум қилишмаган.

Бюро тизимида — кадрлар масаласи марказий тартибда назорат қилиб борилади, ҳар қандай ҳужжат текширилади. Тилхат олинган тақдирда ҳам, ушбу ходим билан боғланиб, ҳаттоки ишдан бўшаш ёки тилхат олиниш сабаби махсус тармоқ томонидан текширилади.

Махсус тармоқ йўл қўйилаётган қонун бузилиш ёки ножўя хатти-ҳаракат ҳолатларининг олдини олади ва тегишли чора кўради.

Биз шунинг учун Ишчи гуруҳ таркибига айнан ушбу тармоқ вакилларини қўшганмиз.

Маълумот ўрнида, ушбу тармоқнинг марказий маҳкамасининг мурожаат учун телефон рақамини маълум қилсам. (71-207-11-96)

Бюро органларида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши доимий равишда назорат қилиб борилади ва ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига муросасиз муносабатда бўламиз, шу билан бирга фуқароларимиз, қолаверса, собиқ ходимларимизнинг мурожаатлари албатта, ўз ечимини топишини таъкидлаб ўтаман.

loading...