Россияда ўзини Исо Масиҳ деб эълон қилган шахс ҳибсга олинди. У собиқ «ГАИ» ходими бўлиб чиқди

0

Россиянинг Красноярск ўлкасида Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда ўтказган махсус операция давомида «Сўнгги аҳд черкови» диний сектаси раҳбари  Сергей Тороп (Виссарион) ва унинг яқин кўмакчилари Вадим Редькин ҳамда Владимир Ведерников ҳибсга олинди.

Хабарларга кўра, махсус операцияга вертолётлар ҳам жалб этилган. Тинтув чоғи секта вакилларига тегишли экани айтилаётган қурол ва ўқ-дори топилган.

Новосибирск туман суди «Сўнгги аҳд черкови» диний сектаси раҳбари Сергей Торопни икки ой муддатга, яъни 22 ноябрга қадар қамоқда сақлаш ҳақида қарор чиқарган. Тергов идорасига кўра, «Сўнгги аҳд черкови» раҳбарлари ноқонуний равишда диний ташкилотга асос солган, узоқ муддат давомида фуқаролардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган, шунингдек, издошларига руҳий тазйиқ ўтказган.

Қайд этилишича, секта етакчилари кучли руҳий босим остида издошларидан пул ундиришга одатланган. Сурункали руҳий босимлар таъсирида диний сектанинг айрим аъзолари саломатлиги издан чиққан.

Буюк Британиянинг Guardian нашрига кўра, собиқ йўл полициячи Сергей Тороп ўзини Исо Масиҳ деб эълон қилган. Тороп томонидан 1991 йилда асос солинган диний оқимнинг дунё бўйлаб 10 минг издоши мавжуд. Улар орасида малакали мутахассислар ҳам борлиги айтилади. Рус православ черкови мазкур диний ҳаракат фаолиятини қоралайди.

Секта аъзолари йил ҳисобини Сергей Тороп туғилган 1961 йилдан бошлаб юритади. Рождество байрами эса секта раҳбари дунёга келган 14 январь кунига кўчирилган. Сергей Торопнинг ҳаёт йўли акс этган «Сўнгги васият» солномаси диний оқим издошлари учун асосий манба саналади.

interfax.ru

loading...