Хотира. Шуҳрат ҳожи билан қуда бўлганимга ўн йил бўлган эди…

0

Ўғлимни уйлантирадиган бўлиб, Шарқшунослик лицейига қиз қидириб борилган. Бир ўқитувчи, онасининг илтимосига кўра, рўмолли қизларнинг ҳаммасини ўқитувчилар хонасига йиғиб берган. Коридорда турган ўғлим уларни яхшилаб кузатган. Кейин бир қиз маъқул бўлиб ишора қилган. Ўқитувчисидан унинг адресини сўраган. Ўқитувчи бу қизнинг кимнинг фарзанди эканини айтган.

Хуллас, бир куни ишдан келсам, бир қизнинг суратини кўрсатишди. Маъқул шекилли, дедим. Кейин Шуҳрат Қаюмовнинг қизи эканини айтишди. Мен уни унча яхши танимасдим.

— Артист билан қуда бўлишим қолувди, – дедим.

— Дадаси, лекин жа мақташяпти. Ибодатли экан, қизи рўмолли. Араб бўлимида ўқиркан, ўғлингизга ҳам ёқибди, – деди онаси.

— Э қўй, – дедим.

Эртасига артистларни яхши биладиган дўстимга, шунақа экан, Шуҳрат Қаюмовнинг қизи экан, ўғлимга маъқул бўпти, дедим. Менга ёқмаяпти, дедим. Дўстим:

— Лекин, у бошқача одам. Жуда сиз билан қуда бўладиган одам, деб мақтаб кетди.

— Унча бой эмасми? дедим.

Унчалик бўлмаса керак, деди дўстим. Чунки, мен оддий ҳунармандман. Домда тураман. Бўлиб ҳам Қора Қамишда. Тагимда Лада Калина машинам бор. Уни ҳам арендага олганман. Менда келин олганда сал ўзимдан пастроқ даражадагисини олган маъқул, деган эътиқодим бор…

Майли, бориб кўрайликчи, дедим.

Бир-икки кун ўтиб ўша дўстим билан бирга совчиликка бордик. Маҳалла ҳам Тошкентнинг энг престижний маҳалласи экан. Борсак, кўчада яп-янги Мерс турибди. – Ўхў, тамом, дедим. Мени тенгим эмас экан, дедим. Майли, келдик-келдик, кириб кўрайликчи, деб кирдик. Шуҳрат ҳожи мендан тўрт ёш кичик экан. Жуда илиқ кутиб олди. Ҳунармандлигимизни эшитиб хурсанд бўлди. У ёқ, бу ёқдан гаплашдик. Маъҳадда нутқдан дарс берар эканлар. Маъҳаддаги танишлар орқали мени суриштиришни таклиф қилдим.

Кейин аёллар боришди. Кейин учрашув. Биринчи кўрганни ўзида совғасини бериб, ишни пишитиб келибди йигитча…

Тақдир экан. Тўй кунини белгиладик.

Тўйгача ҳар икки-уч кунда бир Шуҳрат ҳожи билан кўришадиган бўлдик. Гапимиз тугамайди. Дардларимиз муштарак эди. Соат ўн иккилар бўлиб кетади… Дўстлашиб кетдик… Ниҳоят, чиройли тўй ўтказдик…

Таровиҳ намозларига бирга бир масжидга борардик. Намозини, дуоларини кўриб ўзимдан хижолат бўлардим. Қуръон эшитса, пиқ-пиқ йиғларди… Аллоҳ биродаримга жаҳаннам ўтини ҳаром қилсин!

Алҳамдулиллоҳ, келинимиз тилло чиқди. Учта неварамиз бор…

Орзуларимиз кўп эди. Бирга умра-ҳажларга боришни ният қилган эдик. Диний ҳикоялар ўқиш ишига кўп тарғиб қилдим. «Пайғамбар ошиғи Ҳасан»нинг туркчасини менга юбориб, таржима қилишимни тавсия қилди. Мен таржима қилдим. У чиройли қилиб ўқиди. Кўпчиликка маъқул келганди…

Кичик ўғлимни ҳам жуда яхши кўрарди. Кейинги қизини ҳам олмоқчи бўлдик. Тақдир эмас экан… Ўғлимнинг тўйида анча хизмат қилган эди…

Охирги ойлар анча хасталикдан қийналди. Аллоҳдан тузалишини жуда хоҳлаган эдим. Умри қисқа экан. Заҳматларини гуноҳларига каффорат қилсин! Макони жаннат бўлсин!!!

Мен ундан розиман!

Аллоҳим, ўзинг ундан рози бўл!

Шоолим Шомансур

loading...