Жаҳон минбарида жаранг сочдинг, жонажон тилим!

1

23 сентябрь санаси халқимиз ҳаётида тарихий кун сифатида қайд этилди, десак хато бўлмайди. Чунки муҳтарам Президентимиз 2020 йил 23 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилдилар.

Бу маърузани нафақат ўзбекистонликлар, балки жаҳонда ўзбек тилида сўзлашувчи қатлам вакиллари улкан қизиқиш ва ҳаяжон билан қарши олдилар.

Ўз навбатида, бу воқеа юртимизда давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш, она тилимизнинг қадр-қимматини ўрнига қўйиш, уни ривожлантириш билан боғлиқ олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг қанчалик ҳаётий зарурат эканлигини амалда яққол исботлади.

Юртбошимизнинг ўзбек тилида, равон, аниқ ва дадиллик билан умумбашарий масалаларга оид киритган таклифлари сессия иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Таъбир жоиз бўлса, айтиш керакки, бу онлар орзу қилинган, кутилган лаҳзалар эди. Ўз йўлидан шаҳдам бораётган, дунёни ўзгартиришда бош ислоҳотчи, фаол, ташаббускор мамлакатлардан бўлиб келаётган янги Ўзбекистон жаҳонга ўз сўзини ўз она тилида айтиши керак эди ва бунинг уддасидан чиқди, албатта.

Она тилига бундай эътибор ва эҳтиром ҳар бир ватан фарзандининг қалбига ғурур бағишлайди, она тилини севишга, ардоқлашга ундайди. Она тилини севиш ҳақида гап кетаркан, шубҳасизки, муҳтарам Юртбошимизнинг юксак жаҳон минбаридан туриб, ўзбек тилида баён этган фикрлари биз учун ибрат, намуна ва андоза қилиб олинмоғи, давлат тилининг нуфузини оширишдаги амалий саъй-ҳаракатлар учун айнан шу нуқта буюк ва муҳим асос бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Бу сўзларни ҳар биримиз қайта-қайта ўқишимиз, мағзини чақиб, уқишимиз, фаолиятимиздаги бош мезон деб билишимиз зарур.

Бугунги шиддатли ислоҳотлар ҳар биримиздан фаолликни, ватанпарварликни талаб қилаётир. Она тилимизнинг қадр-қимматини оширишдек эзгу ишларда ҳам худди шундай фидойилик сув ва ҳаводай зарур. Давлат тилининг нуфузини ошириш нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳар бир ватан фарзандининг инсонийлик бурчидир. Шундай экан, келинг, бу масалада ҳар биримиз шахсий намуна кўрсатайлик. Зеро, она тилимиз – борлиғимиз, фахру ғуруримиздир.

Баҳодир Валиев,
ФВВ маслаҳатчиси

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.