Мурожаат: МАДАНИЙ МЕРОСИМИЗ ВАЙРОН ҚИЛИНМОҚДА!

0

ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕПУТАТЛАРИ,
МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ,
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ,
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ,
ЯККАБОҒ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ,
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЯККАБОҒ ТУМАН КЕНГАШИ диққатига

Азиз ватандошлар! Ота-боболаримиздан бизга мерос қолган, сиз ва бизни елкасида онадай катта қилган тупроқ, бизни улғайтирган халқ ва Ватан барчамиз учун бебаҳо! Унинг ҳар қирич ерида тарих яширин.
Кейинги йилларда маданий меросимизга муносабат ижобий томонга ўзгараётгани кишини қувонтиради. Аммо ҳануз маданий мерос соҳасида бошқарувнинг оптимал ечимини топа олганимиз йўқ. Шунинг оқибатида шўролар даврининг охирларида қарийб 12000 деб рўйхатга олинган маданий мерос объектлари ҳозирги кунда 9000 яқин қолди. Бу бўш ерларни ўзлаштириш, қадимий тепаликларни вайрон қилиш, фермерларнинг бир парча ер ва манфаат учун маданий меросга беписандлиги натижасида юз бермоқда! Кейинги 30 йил ичида жамоа хўжаликлари, туманлар, мактаблардаги кўплаб музейлар талон тарож қилинди ва йўқ бўлиб кетди. Юзлаб тепаликлар гарчи улар археология объекти бўлсада суриб ташланди!
Биз бу кунлар ортда қолди, деб турган пайтимизда айни шу кунларда ҳам вандализм давом этмоқда. Куни кеча биз Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида бўлиб, бу ҳолга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик.


Биздаги маълумотларга қараганда, Яккабоғ туманида айни пайтда 142 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Улардан 40 таси меъморий обидалар,қолганлари зёратгоҳлар, иқадамжолар, археология объектларидир. Яқин вақтгача тумандаги 220 гектар ер табиий ва маданий мерос объектлари ҳудуди сифатида алоҳида назоратда эди. Аммо улардан 120 гектари туман заҳирасига ўтказилди. Бу ерлар афсуски фермерларга ва хусусий шахсларга бўлиб берилмоқда. Улардан кўплари маданий мерос объектлари ҳудудларидир.
Яккабоғ марказидаги қадимий 12 чашма бўйи, Сандалтепа, Киндиктепа, Шляпатепа каби ўнлаб тепаликлар вайрон этилиб, ғишт заводлари учун хом-ашё, тадбиркор учун иншооот қурилиши, фермерлар учун экин майдонларига айлантирилмоқда.
Энг ёмони бу ҳолга ҳокимият органлари, соҳа масъуллари бепарво қараб турибдилар.Айниқса тумандаги “Қатағон келажаги” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар кишини ғазабга келтиради. Улар қадимий тепаликларни ғишт заводи учун хом-ашёга айлантирганлар.


Вужудга келган вазиятда Яккабоғ туманидаги “Қатағон келажаги” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган вандализмни зудлик билан тўхтатишга, депутатлар, жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бу ташкилотнинг табиатга ва маънавиятга етказган зарарини аниқлаш, унинг ва бу тепаликларни бузишга изн берган масъул шахсларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо беришни, туман ёки вилоят кенгашида вазиятни муҳокама қилиб, бундан буён Яккабоғ ҳамда бошқа туманларда бу каби вандализмнинг амалга оширилиши олдини оладиган қатъий чоралар кўришни таклиф қиламиз.
Шўролар даврида Олий Совет президиумининг раиси “Тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаш” жамиятининг фахрий раиси ҳисобланарди. Бирор тарихий ёки маданий мерос объектига хавф солинса, дарҳол энг юксак даражада уни тўхтатиш чоралари кўрилар эди. Ҳозир янги тизим бўйича маданий мерос объектлари вилоят ва туман маданий мерос бошқарма ва бўлимлари ихтиёрига ўтмоқда. Ҳали бу тизим тугал ишга тушмади ва унинг ваколати баъзида тез чора кўришга ожизлик қилмоқда. Биз ҳам меросимиз тез ва юксак даражада ҳимоя қилинадиган тизимни яратишимиз керак. Бўлмаса келажак олдида аждодларимиз меросини нафақат асролмаган, балки вайрон ва йўқ қилган авлод сифатида юзимиз шувит бўлади!
Суратларда: бугунги кунда Яккабоғда маданий мерос объектлари бўлган тепаликларнинг аҳволи.
Амирқул КАРИМОВ,
Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси

loading...