НАМОЗ ВА САЛОМАТЛИК

0

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор муаммога дуч келсалар, бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса дарҳол намозга турардилар.

Намоз руҳ озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Чунки дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, Уни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир.

Ислом дини саломатликка энг юксак аҳамият берган диндир. Шу боис бўлса керак, динимиз ибодатларнинг энг устуни бўлмиш намозни умримизнинг сўнгига қадар ўқишимизни буюрган. Намоз ўқиган одам бу гўзал ибодат учун охиратда оладиган ажр-мукофотларига қўшимча равишда дунё ҳаётининг ўзида унинг саломатликка оид манфаатларига ҳам албатта эришади. Намознинг инсон саломатлигига келтирадиган фойдаларидан баъзиларини санаб ўтайлик:

1. Намозда бажариладиган ҳаракатлар енгил, осон бўлгани учун юракка зўр келмайди (толиқтирмайди) ва куннинг маълум бир вақтларида бажарилгани учун инсонни доимо тетик тутади.

2. Бир кунда бошини саксон марта ерга қўйган инсоннинг миясига мунтазам равишда кўп миқдорда қон оқиб келади. Мия ҳужайраларининг қон билан яхши тўйиниши туфайли намоз ўқийдиган одамларда хотира сустлиги ва склероз камроқ учрайди. Бундай кишиларнинг турмуш тарзи соғлом бўлади.

3. Намоз ўқийдиган кишининг боши мунтазам эгилиб‑кўтарилиб туриши сабабли унинг кўзларида қон айланиши яхшиланади. Шунинг учун кўзнинг ички босими ошмайди, шоҳпарда доим мўътадил намланиб туради. Бу эса катаракта касаллигининг олдини олувчи муҳим омилдир.

4. Намоздаги изометрик ҳаракатлар ошқозондаги озуқанинг яхшилаб аралашишига ва унинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, сафронинг (ўт суюқлигининг) ўт пуфагида тўпланиб қолмай, бир меъёрда ажралиб чиқишига, ошқозон ости безининг равон ишлашига имкон бериб, қабзиятнинг (ич қотишининг) олдини олади. Намоздаги кундалик мунтазам ҳаракатлар натижасида буйрак, пешоб йўллари, қовуқ ва тўғри ичакнинг доимий чайқалиши, ҳолатининг ўзгариб туриши натижасида бўшанишнинг бир меъёрда бўлиши таъминланади ва бу аъзоларда тош ҳосил бўлишининг олди олинади.

5. Бир кеча-кундузда камида беш маҳал бажариладиган бир меъёрдаги тана ҳаракатлари бўғимлар, мушаклар ва томирларни жонлантириб, артроз (артрит), остеохондроз каби касалликларнинг, хусусан, бўғимларда туз тўпланишининг олдини олади, жисмоний меҳнат билан шуғулланмайдиган одамларда томирларда тиқин пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.

6. Вужуднинг саломатлиги тананинг тозалигига боғлиқдир. Намоз учун шарт бўлган таҳорат ва ғусл покликнинг айни ўзидир. Бинобарин, намоз ҳам моддий, ҳам маънавий покликдир. Баданни ҳам, руҳни ҳам покламай туриб намоз ўқиб бўлмайди. Натижада намознинг барча шартларини адо этган киши руҳан пок, жисман тетик бўлади.

7. Профилактик тиббиётда жисмоний ҳаракатларни куннинг муайян пайтида бажариш, овқатланиш, уйқу ва дам олишни ҳам аниқ режим асосида йўлга қўйиш ўта муҳимдир. Намоз вақтлари организмда қон айланиши ва нафас олишни жонлантириш учун энг қулай ва мақбул пайтлардир.

Мусулмон кишининг иймонини озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса намоздир, ибодатдир. Иймонимизни ибодат билан безаб, фоний дунёдаги умримизни Аллоҳга қулликда, итоатда, ибодатда ўтказиш фурсати аллақачон етган. Шундай бўлгач, Аллоҳдан тавфиқ сўраб, барчаларингизни энг улуғ ибодат бўлмиш намоз ўқишни ўрганишга, уни мукаммал адо этиш учун интилишга чорлаймиз…

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

loading...