Россиядан олиб келинаётган 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси махсус поездга чиқиш вақтида вафот этди

0

Интернетда Россиянинг Ростов вилояти Каменск-Шахтинский шаҳридаги чодирли лагерда ўзбекистонлик фуқаронинг вафот этгани тўғрисида хабар тарқалди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, 2020 йил 19 сентябрь куни ўзбекистонликларни махсус поездга чиқариш чоғида йўловчилардан бири – 1987 йил 13 сентябрда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Ж. «Лихая» станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва у тез тиббий ёрдам етиб келгунича вафот этган.

Мамлакатнинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, бу фуқаро чодирли лагерда яшамаган. Санкт-Петербург шаҳридан етиб келгач, Р.Ж. соғлиги ёмонлашгани сабабли 14 сентябрь куни Шахти шаҳри Марказий шаҳар шифохонасига ётқизилган ва шу ердан «Лихая» станциясига олиб борилган.

Фуқаронинг коронавирус билан касалланганлиги тасдиқланмаган.

Ташкилий ва консуллик-ҳуқуқий масалалар ҳал қилинганидан кейин марҳумнинг жасади чартер рейс орқали ватанга юборилди, дейилган маълумотда.

loading...