“Худо мени оқпадар фарзанд билан жазолади… Қариганда ит азобида умр кечиряпман…”

0
Portrait of elderly senior men

Бу ҳақда ёзиш ҳар бир ота-она учун жуда оғир бўлса керак….

Ичимдан чиққан чаёнимнинг заҳрига чидаб яшаш мен учун кундан-кун қийин бўляпти. Ҳа, менинг ўғлим ана шунақа. Ота-онасига азоб берадиган фарзандлардан бири бўлиб улғайди. Аслида, болани эркалатиб ўстирмаслик керак экан. Афсус, мен болаларимни, айниқса, катта ўғлимни ҳаддан ташқари эркалатиб юборибман. Бу хатомни энди-энди англаб етаётгандекман. Ўғлим туғилганда шунақа хурсанд бўлган эдимки, ҳатто қаттиқ қувонганимдан тўй қилиб берганман. Умрим бўйи турли ташкилотларда раҳбар лавозимларда ишлаганман, топиш-тутишим яхши эди. Шу боис рўзғорим ҳар доим тўкин-сочин ва болаларимнинг ҳам ҳеч нарсадан ками бўлмаган.

Ўша пайтлари қанақа кийим ёки велосипед урфга кирса, катта ўғлим тенгдошларидан энг биринчи бўлиб шу нарсаларга эга бўларди. Хуллас, фарзандларим бахтли болаликни бошидан кечиришган, десам, хато бўлмайди. Аммо уларга меҳр бериб, қанча эркалатиб ўстирган бўлсак, кампирим иккаламиз қариганда шунча жабр кўрдик. Катта ўғлим дангаса, ишга бўйни ёр бермайдиган йигит бўлиб улғайди. Топганига ичадиган одат чиқарди. Уни бу йўлдан қайтариш учун нималар қилмадик, дейсиз, аммо ҳеч бири наф бермади. Уйланиб, бола-чақали бўлгач ҳам, тайинли бир ишнинг бошини тутмас, хотини ва фарзандлари учун қайғурмасди.

Шунинг учун иккинчи ўғлимга «Акангнинг аҳволи бу, икки дунёда ҳам алоҳида уй қилиб чиқолмайди. Яхшиси, сен уй-жой қилиб кўчиб чиқ. Ҳар ҳолда, сен ҳаракатчан йигитсан. Акангга шу уйни васият қилиб қолдирамиз. Бошқа иложим йўқ», дедим.

Кичик ўғлим ортиқча гап-сўзсиз уй-жой қилиб, чиқиб кетди. Аммо менга тегишли бўлган ҳовли-жой ўзига қолишини билиб, катта ўғлим баттар ёмонлашди. Энди унга на насиҳат ва на бошқача гап-сўз таъсир қиларди. Ҳар куни ичиб келиб, жанжал кўтарар, агар онаси иккимиз бирор нарса дегудек бўлсак, бизга қўл кўтаришдан ҳам тоймасди. Унинг жанжалларидан безор бўлган хотиним бир куни қаттиқроқ гапириб юборганди, ўғлим ўз онасини уриб, қўлини синдирди.

Аёлим ўла-ўлгунча боласидан норози бўлиб кетди. Ўлими олдидан: «Мен-ку, кетяпман, аммо энди сизга қийин бўлади-да», дея менинг раҳмимни ерди шўрлик. Аёлимни бир йил олдин тупроққа қўйдик. Ҳақиқатан ҳам, у оламдан ўтгач, менга янада қийин бўлди. Ўғлимдан безор бўлган келиним эрига жаҳл қилиб, уйда овқат ҳам пиширмас, бир пиёла чой тутиш у ёқда турсин, ҳолинг нима деб сўрамасди ҳам.

Аммо келинимдан хафа эмасман. Чунки ўғлим мени қадрламаганидан, ҳурмат қилмаганидан кейин қандай қилиб келин қадримга етсин? Келинимнинг нияти, қандай бўлмасин, ўғлим билан ажрашиш. Аммо нима бўлганда ҳам, боламнинг рўзғори бузилишини истамайман. Шу боис ёшим саксонга етган бўлса-да, чойимни ўзим қайнатаман, уст-бошимни ҳам ўзим юваман. Иссиқ овқат егим келса, кўча-кўйдаги ошхоналардан бирортасига бораман. Бир куни касал бўлиб, иситмам чиқиб кетди. Ўғлим ёки келиним эшикдан бош суқармикин, дея кун бўйи термилиб ётдим. Аммо ҳолимдан хабар оладиган бирор инсон бўлмади. Ўғлим кечки пайт ичиб келиб, хотини билан жанжаллашаётган пайтда уйга “Тез ёрдам” машинаси келди. Ўғлим шунда ҳам «Отамга нимадир бўлдими, нега уйимизга “Тез ёрдам” машинаси келди?» дея хавотир олмади.

Куним шу тарзда ўтиб турса-да, у мени сира тинч қўймайди. Бир куни қўл телефонимни ўғирлаб олганлигини билиб, қайтариб беришини сўрагандим, уриб бошимни ёрди. Хуллас, қариганда мана шундай ит азобида умр кечиряпман. Ҳеч кимни Худо оқпадар фарзанд билан жазоламасин экан. Чунки бу бировга айтиб бўлмайдиган ғам, тузалмайдиган дард.

Халқимиз бежизга дастурхон бошида «Оқил фарзанд ато эт», – дея дуо қилмас экан. Номақбул фарзанд юрак доғи, кўнгил армони, деб шуни айтсалар керак-да!

Ҳа, азизлар, дунёнинг ишлари шундай экан. Бир ундай, бир бундай. Кимдир ота-она қадрига, яна кимдир комил фарзанд қадрига етмас экан!

Настарин Каримова

loading...