“Юлдузингни бер, осмон” фильмидаги дилтортар қўшиқ тарихини биласизми? (Видео)

0

“Келасанми?” қўшиғининг ижрочиси бўлмиш Акбарали Очилов тўғрисида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу ижрочини катта ёшдагилар таниши мумкин, бугунги авлод вакиллари эмас…

Унинг ижоди 1990 йилларга тўғри келади, анча машҳур ижрочилардан бири эди. Асосан гитарада ўзининг қалб ва муҳаббат сӯзларини ижро қиларди. Унинг овозидаги дард, нафасдаги шира, қўллари билан чалган гитара маҳорати эса бошқа ижодкорга асло ўхшамас эди.

Акбарали Очилов биринчи ижро этган қўшиғи ўзининг қаламига мансуб бўлган “Эй шум тақдир, нечун мени алдади?” Кейинчалик эса қўлига Сабрий Садриддиновнинг “Болалигим оппоқ капалак” китоби қўлига тушиб қолади ва у айнан шу сатрларни тайёрлаб қўшиқ қилади. Қўшиқ бадиий раҳбари Учқун Назаров бошчилигида бадиий кенгашга киритилади ва қўшиқ тасдиқланиб, “Олтин фонд”га киритилади.

Акбарали Очилов 1990 йилларда Республика радиосининг болалар муҳарририятида режиссёр бўлиб фаолият олиб борган. Ўз вақтида таниқли теле ва радиобошловчи бўлган.

1995 йилда эса Тўлаган Тўхтаев шеърига басталаниб ижро этилган “Келасанми?” қўшиғи тайёр бўлади. Шу вақт оралиғида таниқли кинорежиссёр Фарид Давлетшин суратга олаётган “Юлдузингни бер, осмон” фильмига бир қўшиқ керак бўлиб қолади. Ва айнан Акбарали Очилов қўшиқни олиб бориб кўрсатади, қўшиқ ёққани учун, айнан шу фильмдан ўрин олади. Қўшиқ шу даражада чиройли ва дилга яқин қилиб ижро этилгани учун ва фильмнинг руҳиятига ва моҳиятига мос келгани учун киритилган. Фильм 1996 йилда экранларга чиқади.

“Келасанми?” қўшиғининг сўзлари устоз журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлаган Тўхтаевнинг қаламига мансуб бўлган. Лекин негадир фильм сўнгида қўшиқ шеъри муаллифи ёзилмай қолиб кетган.

Келасанми?

 

Тўлаган Тўхтаев сўзи,

Акбарали Очилов мусиқаси

 

Бугунгидек кўкдан ёғиларкан нур,

Нурафшон боғларда учрашар эдик.

Кўнгилда бир ажиб ҳаловат-ҳузур,

Ҳузурбахш оқшомлар ажрашар эдик.

 

Келасанми дердим, хайрлашар чоғ.

Келаман деярдинг, секин ийманиб,

Тилимнинг учида ҳануз шу сўроқ?

Ҳануз юрагимни айлайди майин.

 

Биз юрган йўлларни бирга жамласак,

Бориб келиш мумкин ойга пиёда.

Лекин бағримизда кўнгил жонсарак,

Энди бу гаплардан кимга не фойда?

 

Ўша боғда яна учрашиб ногоҳ,

Эрта келасанми, келақол десам,

Соғинчлар бағрингни ўртаса аммо

Келаман демайсан, келгин келса ҳам.

Насриддин Асриддинов

loading...