Аллоҳнинг расуллари сизга: «Хафа бўлма!», «Қўрқма!», «Маҳзун бўлма!» деб турган бўлсалар, нимадан ташвиш қиласиз?..

0

Юсуф алайҳиссалом укаси Биняминни ташвишли вазиятда кўрганда, ташвишини кетказиб: «Мен акангман, хафа бўлма!» (Юсуф сураси, 69-оят) деган эди.

Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни золимлар тарафидан таъқибга олинган, юртидан қувилган, саргардон ҳолда кўрганда, кўнглини кўтариб: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», (Қасос сураси, 28-оят) деган эди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан ватанни ташлаб чиқиб кетар эканлар, ғорда Абу Бакрнинг титраётган қалбини хотиржам қилиб: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан бирга» (Тавба сураси, 40-оят), деган эдилар.

Аллоҳнинг расуллари мана шундай бўлишган. Уларнинг манҳажлари энг оғир вазиятларда ҳам хотиржамликни ёйиш ва ижобийликни кўра билиш бўлган. Пайғамбарлар йўли шудир.

Парвардигорингиз Аллоҳ бўлса, унинг расуллари сизга: «Хафа бўлма!», «Қўрқма!», «Маҳзун бўлма!» деб турган бўлсалар, нимадан ташвиш қиласиз?!

«Роббим Аллоҳ!» – денг ва йўлда давом этинг!

Жамолиддин Муҳаммаджоннинг

саҳифасидан.

loading...