Чўпонлар бўрибосар итни қаердан топишади?

0

Бировнинг берган ювундисини емайдиган, ялоқилик қилиб бировнинг қўлига қарамайдиган ва қўлга ўргатилиб хизматкор бўлмайдиган, бўридек кучли ва жасур инсонлар жангда енгилмайди. Уларни фақатгина ўзидан чиққан, худди кўппак билан бўрининг чатишмасидан пайдо бўлган бўрибосардек сотқин итлар ғанимга йиқитиб беради.

Бўридек эпчил ва жасур инсонларга бас келиш жуда қийин. Улар фақатгина асли наслу насаби итдан бўлган дурагай, фитначи ва иғвогарларнинг найранглари оқибатида ҳолдан тойиб қолгандагина енгилиши мумкин.

Ўз миллатининг бўриларини йўқотган халқни эса бошқа миллатнинг оддийгина лайча, кўппак, итваччалари ҳам талаб ташлаб, енгиши мумкин. Бунинг исботи бизнинг тарихимиздан маълум.

Хўш, бўрибосар қандай маҳлуқ ва у қандай етиштирилади?

Сурхон ва Қашқадарё воҳасидаги инсонлар асосан чорвачилик билан машғул бўлганлиги учун чорвани боқишда энг керакли ёрдамчи бу ит эканлигини яхши билишади. Итнинг ҳам бўрибосари зўр бўлади. Буни билган чўпонлар қўйларини асраш учун асосан бўрибосардан фойдаланишади.

Ёшлигимда бобомдан эшитган эдим. Агар чўпонга бўрибосар керак бўлса, она бўри билан кўппак итни чатиштириб, ундан туғилган махлуқни бўрибосар қилиб тарбиялар экан.

Фақатгина она бўридан туғилган ва отаси кўппак ит бўлган махлуқгина бўрига бас кела олар экан. Бунинг учун ҳали кўзи очилмаган, эмизикли бўрининг урғочи боласининг ота-онасини аввал ўлдириб, кейин бўричаларни уясидан ковлаб олишар экан. Чунки тирик бўри ўз боласини бериб қўймайди. Урғочисиям, эркагиям болаларини қўриқлаб ёнида юради.

Уясида ётган жойидан ковлаб чиқарилган бўри болалари ичидан эркагини сайлаб олиб, уларни ўлдириб ташлашар экан. Чунки чўпонга бўри боласининг фақатгина урғочиси керак. Сабаби, отаси бўри бўлган дурагайдан бўрибосар чиқмайди, шунинг учун бўрининг урғочисини олишар экан.

Бўрининг урғочи боласини чўпон ўзи боқиб, катта қилиб бўлгандан сўнг урғочи бўрининг уруғланадиган вақти-соати етганда, уни боғлаб қўйиб, ит билан чатиштиради. Урғочи бўри ҳам ҳеч қачон қўлга ўрганмайди, фақат зўрлик билан боғлаб қўйиб, ит билан чатиштиришади. Бу чатишмадан туғилган дурагай кучукчаларни она бўри эмизиб катта қилади. Итдан бўлган бўлса-да, бир неча ой ўз бағрида кўтариб юриб, оғриқ азобида туққан зурриётига меҳрибон бўлиш ҳислати барча жонзотларнинг оналарига хос.

Бўри ҳеч қачон унга қилинган ёмонликни унутмайди. Туққан болаларига ҳам буни ўргатиши мумкин. Агар бўри озодликка чиқса, чўпондан қасдини олади. Буни биладиган чўпонлар янги туғилган дурагай кучукчалар катта бўла бошлагандан сўнг, она бўрини ўлдириб ташлашади.

Она бўри туққан, отаси ит бўлган кучукчаларни чўпон қўлга ўргата бошлайди. Унга ювунди бериб, ўзига бўйсундириб, тарбия қилади. Вақт ўтиши билан кучукча каттариб, подадаги қўйларни асраб авайлайдиган ва чўпон нима берса, шуни ейдиган, содиқ хизматкор бўрибосар итга айланади. Лекин бўрибосар қанчалик кучли бўлмасин, у барибир хўжайини берса ейдиган, бермаса ўзи овқат топа олмайдиган, қулоғи, думи кесилган, ювундихўр кўппак ит бўлиб қолаверади. Чўпонга ҳам шу керак.

Бўрибосар худди от билан эшшакнинг чатишмасидан пайдо бўлган хачирдек бепушт, дабба бўлади. Бўрибосарнинг урғочиси туғиши мумкин, бу ҳам бўлса нодир ҳолларда. Нимжон ва нуқсон билан туғилади. Озгина яшаб, ўлиб қолади. Лекин бўрибосарнинг эркагидан умуман насл қолмайди.

Агар бўрибосарнинг хўжайини ўлса ёки қаровсиз қолса, қанчалик кучли бўлмасин, у ўлади. Эгасиз ва қаровсиз қолган бўрибосар ит бошида санғиб юриб, ўлакса еб юради, қариб қолганида эса уни шоқоллар еб кетади. Ёки қутуриб ўлади. Чунки ит ов қила олмайди, хўжайинига содиқ хизматкоргина бўла олади. Инсонлар орасида ҳам худди шунга ўхшаган, ўз вақтида бўрибосар бўлган, лекин вақт ўтиши билан эътибордан қолиб кетган итваччаларни учратса бўлади.

Шуҳрат Барлос

loading...