Қўшни аёлнинг иғвоси

0

Ўнг тарафига янги қўшни кўчиб келди-ю, бу аёлнинг тинчи бузилди. Эркак қўшни тиш дўхтири, хотини эса уй бекаси экан. Аёл қўшни деярли кўчага чиқмас, меҳмондорчилик ёки қариндош-уруғлариникига борса ҳам оиласи, болалари билан бориб келарди. Бир-икки марта кундузи «Бир ғийбатлашай», деб кирганида, унинг Қуръон ўқиётгани устидан чиқди. Рўпарасида бир муддат пойлаб ўтирди.

— Узр, қўшни, банд эдим, бирор кун бемалол чойлашармиз-а, — деди қўшниси китобдан бош кўтариб.

Аёлнинг аччиғи чиқди. Орадан бир-икки кун ўтказиб, бир нимани баҳона қилиб кирганида эса суҳбатлари қовушмади. Бир ҳамсоясидан шикоят қилиб: «Мен уни Худога солдим», дея гап бошлаган эди, қўшни аёл: «Ҳар банданинг ҳукми Аллоҳнинг қўлида. Бировнинг айбу нуқсонини муҳокама қилиб ўтириш сиз билан бизнинг ишимиз эмас, ундан кўра болаларингизга яхшилик, оилангизга барака сўраб дуо қилинг. Кенг феъл бўлинг», дея насиҳат қилди. «Кечагина маҳалламизга кўчиб келиб, бугун менга ақл ўргатяптими бу хотин?!» деган ўй ич-этини тирнаб, уйига қайтди. Ўзини босишга ҳарчанд уринмасин, сира эплай олмади. Устига-устак, «Нега унинг рўзғори бадастир, нимага у бой-бадавлат кишига турмушга чиққан-у, менинг эримнинг иши юришмайди?» деган хаёллар, «Ҳа, ҳамма нарсаси етарли, бой-да, бу камбағалга нима десам ҳам бошини эгиб ўтиради, деб ўйлаяпти, шекилли», деган ўйлар унга тинчлик бермасди. Тўртинчи куни «Бир адабини берай, сира эсидан чиқмайдиган сабоқ бўлсин, ўз-ўзидан бўйни қисилиб қолади ҳали», дея режа туза бошлаган ҳам эдики, дарвозаси тақиллаб, қўшни аёл кириб келди.

— Ассалому алайкум, опа, яхши ўтирибсизларми? Қўй сўйгандик, гўштидан сизларга ҳам илиндик, — деди у қўлидаги пакетни узатиб.

Шайтоний бир ўй унинг ич-этини тирнаб ўтди: «Энди садақамга муҳтож деб ўйлаяптими?»

— Керакмас, бекорга овора бўлибсиз!

— Нега унақа дейсиз? Кўшни ҳақи бу, олмасангиз хафа бўламан.

— Биз қўй гўшти емаймиз, — тилидан шу гап учди-ю, ўзи ҳам хурсанд бўлиб кетди. — Ҳа, қўй гўшти емаймиз, ўзи шусиз ҳам қон босимим ошиб туради. Бошқаларга бера қолинг. Буни еб тағин «Тез ёрдам» чақириб ўтирмайлик…

— Сизга атаб олиб чиқувдим, ўзингиз емасангиз, бошқа бировга берарсиз, олинг энди шуни, — дея қўшни аёл қўлидаги гўштни айвондаги музлаткич устига қўймоқчи бўлди.

— Йў-йў-ўқ, керакмас дедим-ку, обкетинг буни, қўйманг бу ерга! Бўлмаса, ҳиди ҳамма ёқни тутиб кетади ҳозир!

У шоша-пиша пакетни олиб қўшнининг қўлига тутқазди. Аёл музтар бир аҳволда қайтиб чиқиб кетди. «Ғурурим ўлсин, олаверсам бўлмасмиди, бу ёқда эримнинг ишлари ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Рўзғоримда тишга босадиган бир бўлак гўшт ҳам йўқ, аслида», деган ўйда ошхонасига кирди. Ярим кило картошка, икки дона пиёз, уч-тўртта бужмайган сабзидан бошқа ҳеч нарса йўқ. «Очимдан ўлсам ҳам бу хотиннинг қўлидан нарса олиб емайман», дея яна ўзини-ўзи овутди. Пиёзни жизиллатиб, устидан картошкани ташлаб апил-тапил қовурди-да, сув қуйиб, бир сиқим гуруч билан мастава қилиб қўя қолди. Шу маҳал қўшнининг ҳовлисидан чиққан қовурдоқ иси димоғига урилди. Бирдан яна жаҳли чиқиб кетди. «Қўй сўйдим деб мақтанишини-чи, ҳали мен ҳам сенлар каби бой бўлиб қоларман…»

Эртаси куни маҳалла оқсоқоли эшик қоқиб келди.

— Маҳалладан ёрдам пули сўрагандингиз, унинг иложини қилолмадик, лекин оилангиз учун бир ҳомий топдик. Фақат кимлигини айтишимизни истамаяпти, — оқсоқол шундай дея машинаси юкхонасини очди: — Манавиларни тушириб олинг. Маҳалладан ёрдам…

Аёлнинг рўзғори анчадан бери бунчалик бут бўлмаган эди. Қандай бадавлат одам эканки, сабзи-пиёзию совунидан тортиб, ёғи, лаҳм гўшту унигача унутмабди. Яна бозордаги энг сархил мева-сабзавотлардан олганини айтмайсизми?..

— Раис бува, мана шу аризани бир кўрсангиз, — деди у оқсоқолни кузатаётиб.

Турган жойида аризага кўз югуртирган маҳалла раиси унга таажжубланиб қарарди:

— Эсингиз жойидами? Бу қўшнингиз тиш дўхтири бўлса, маҳаллада ҳаммага яхшилик қилса…

Раис бирдан жим бўлди-да, “Э, ҳайф сенга!” дегандек қўл силтади.

— Бой бойга боқар бўлмасин, оқсоқол, — деди аёл. — Агар аризамни эътиборга олмасангиз, юқорига ёзаман, юқорига… Ўз кўзим билан кўрдим: хотини эскича китоб ўқийди, мениям намоз ўқигин, деб даъват қилди.

— Ёмон йўлга юр демабди-ку…

— Ҳо-о-о, эртадан кейин рўмол ўра дейди, кейин бирорта оқимга рўпара қилиб қўйса, бошимни қайси тошга ураман?..

Кўзлари чақчайиб-чақчайиб гапираётган аёлнинг сўзларини жимгина эшитган раис бошини эгиб, оғир хўрсинганича аризани папкасига солди. Уни кузатган аёл сергўшт, серёғ палов, гўштли сомса пиширди-да, катта чинни косага ошдан босиб ҳамсоясининг эшигини тақиллатди.

— Бизниям рўзғоримиз бутун, қўшни, мана ёғлиққина палов қилдим, сизгаям илиндим, қўшни ҳақи! — деди бироз иддао аралаш оҳангда.

— Барака топинг, Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Рўзғорингизга барака берсин.

Қўшни аёл ўзгача бир мамнунлик билан унинг қўлидан косани олди. Алқай-алқай идишини бўшатиб, мева-чевалар билан ўрнини тўлдирди.

— Болаларга олиб чиқинг, қўшни, бирам суюнтирдингиз мени…

«Тавба, уйида ҳамма нарсаси етарли бўлсаям, кўзи оч эканми бунинг, бир коса ошга шунча суюнадими одам?!» деб ўйлади аёл…

* * *

— Аризам нима бўлди, раис бува, бу қўшнимнинг уйини ҳеч ким текширмаяпти-ку. Маҳалла бедарвозами энди? Ёки сизниям оғзингизни мойлаб қўйишдими булар?

— Барака топгур, бундан яхши қўшнини тополмайсиз, — деди оқсоқол. — Керакли жойдан келишди, суриштиришди. Бир яхши одамлар экан. Бекорга туҳмат қиляпсиз қўшнингизга…

Аёлнинг оқсоқолдан ҳафсаласи пир бўлди. Аризасини кўтариб туман марказига борди. Вилоятга чиқди… Бу орада қўшнисининг уйига беш-олти марта пўрим кийинган, папка кўтарган кишилар келишди. Қўшни аёлни аллақайси идорага суҳбатга чақиришгани ҳақида маҳаллада шивир-шивирлар кучайди. Икки марта «Тез ёрдам» машинасида уни касалхонага олиб кетишди. Буни кўриб: «Мана шунақа бўлади қўшнини менсимаслик, ҳали бойлигинг ҳам сенларга ёрдам беролмайди», деган ўйда аёлнинг кўнгли кўтарилаверди…

— Эшитдингизми, тиш дўхтиримиз кўчиб кетаётган экан, қўшни аёл касалхонадан тўғри янги уйига кетганмиш, — деган гапни қўшниларидан эшитганида, кўнгли яна бир газ ўсди.

— Ажаб бўпти, олифтагарчилигини бошқа жойга бориб қилсин, ўзи бизнинг маҳалламизга боп одамлар эмасди улар, алламбало эскичами… — деди тиржайиб.

Бу гапдан кўнгли кўтарилиб, ўз-ўзича хиргойи қилиб, ёғлиққина ош қилай деган ўйда ошхонасига кирди-ю, бир ярим йил ичида биринчи марта гўшти қолмаганини, рўзғорининг баракаси учганини кўрди. Бир кун пойлади, икки кун пойлади, ҳар ойда икки марта хабар оладиган оқсоқолнинг қораси кўринмади. Охири «Раис бува ҳомийнинг менга ажратган нарсаларини ўзи уйига олиб кетган бўлмасин тағин, чиқиб бир пўстагини қоқиб келай», деган ўйда важоҳат билан маҳалла идорасига отланди.

— Сизларга ҳомийлик қилаётган одам ён қўшнингиз эди, — деди оқсоқол. — Барака топишсин, иймонли-инсофли кишилар эди улар. Эр-хотин: «Биз яхши еб-ичиб, қўшнимиз ёвғон шўрва билан кун кўрмасин, ўзимга рўзғор қилганимда уларга ҳам қўшиб оламан, фақат биз бераётганимизни айтманг, тағин кўнгли ўксимасин», деб қаттиқ тайинлашган эди. Сиз эса уларга тинчлик бермадингиз. Қўшнилар ҳамма ёмонлигингизни кўриб-билиб туриб ҳам сизга яхшилик илинаверишди. Ғийбат қилганингиз етмагандек, туҳмат ҳам қилдингиз. Ундай қилманг, деган гапимизга сира қулоқ солмадингиз. Охир-оқибат бечора қўшниларингиз маҳалладан кўчиб қутулишди… Ҳаёт шунақа, Аллоҳ бизга кимни восита қилиб ризқу насиба бераётганини унутиб, баъзида шундай ношукрлик қиламиз…

Аёл оқсоқол яна нималар деганини эслолмайди. У карахт бир аҳволда эди.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА

loading...