Дўзах ўтидан сақланиш неча сўм? Ажабланманг, олдин ўқиб кўринг

0

Ўзингизни дўзах ўтидан сақлаб қолиш учун неча сўм берган бўлардингиз? Миллион сўм? Миллиард сўм? Неча сўм?

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинглар», дедилар».

Бир хурмонинг оғирлиги тахмиман 20 грамм. Ўртача сифатли хурмонинг бир килоси 100 000 сўм.

Бир дона хурмонинг нархи 2000, яримтаси 1000 сўм.

«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинглар»

Атиги 1000 сўм.

Ижтимоий тармоқларда турли кўринишда ёрдам сўраган эълонларни кўрасиз. Ёрдам бергингиз келади, лекин пулингиз кам. Оз беришга хижолат қиласиз.

Асло.

«Бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам дўзах ўтидан сақланинглар».

1000 сўм билан дўзахдан қандай қутулиб қолиш мумкин, деб ўйлаётгандирсиз?

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда битта хурмо донасини ёки шунча келадиган пок нарсани садақа қилади. Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Бас, у Аллоҳ Табарока ва Таолонинг қўлига тушади. Бас, У зот уни бирингиз тойчоғини ўстирганидек, катта адирдек бўлгунича тарбия қилади», дедилар».

Сиз сарфлаган 1 дона хурмо Қиёматгача ўсиб-ўсиб бир адир бўлади. Қандай яхши сармоя-а?!

Ана ўша бир хурмони сиз учун тарбиялаб ундан сизга бир адирчалик савоб бергувчи зот сизнинг Раҳийм ва Раҳмон бўлган Робббингиздир.

Унутманг, 1000 сўм.

Нафосат Нишонова

loading...