“У билар: ҳаммани бир куни ўлим шу жойга елкалаб келаверади…”

0

Қанча қабрларни ковлади, кўмди,

Қанча жасадларга «оқ йўл» тилади.

Ёлғиз қолгач, яна хаёлга чўмди:

«Энди кимга навбат? Ўзи билади».

 

Марҳум! Бой, камбағал, мансабдорми? Йўқ,

Барига бир хил «уй қураверади».

Аллоҳнинг олдида доим кўнгли тўқ,

Қабристон уйидек юраверади.

 

Тиловат тинглайди ҳаммадан кўпроқ,

Беш маҳал намозни канда қилмайди.

Билади қай тошлоқ, қайда нам тупроқ,

Ўтганлар руҳига қўним тилайди.

 

Йиллар кечган сайин қабристон чети,

Кенгайиб боради ҳув дала томон.

Бир ўйдан қизариб кетади бети:

Ўзига жой қараб қўяр ҳар замон.

 

Хилхона баҳаво, майсалар сўлим,

Шаббода ғирғирлаб елаверади.

У билар: ҳаммани бир куни ўлим

Шу жойга елкалаб келаверади.

 

Ҳайдар Акбар

22.09.2020

loading...