Ливанда кучайтирилган карантин қоидалари қайтмоқда

0

Ливанда коронавирусга чалинганларнинг кунлик сони рекорд даражада ортиб бораётгани туфайли 111 та шаҳар ва қишлоқда кучайтирилган карантин чекловлари жорий қилинади. Бу ҳақда Ливан Ички ишлар вазирлиги 2 октябрь куни хабар берган.

Янги қоидаларга кўра, якшанбадан бошлаб саккиз кун давомида карантин рўйхатига киритилган ҳудудларда аҳолининг уйда қолиши талаб қилинади. Агар одамлар кўчага чиқишга мажбур бўлишса, улар юз ниқобларидан фойдаланишлари керак бўлади. Шунингдек, бу ҳудудларда давлат муассасалари ва ибодатхоналар ёпилади. Лекин, саломатлик марказлари ва етказиб бериш хизматлари ўз фаолиятини давом эттиришларига рухсат берилади.

Байрутдаги CОVID-19 га қарши курашаётган касалхона бошлиғи Фирас Абиад янги карантин чекловларини маълум ҳудудларда жорий қилиш усулини маъқуллади.

“Бу вирус ўчоқларини аниқлашга ва айнан шундай ҳудудларда чеклов чораларини амалга оширишга ёрдам беради. Мазкур усул бутун мамлакат бўйлаб карантин жорий қилишнинг ўрнига муқобил вариант бўлиши мумкин” дейди Абиад.

Ливанда ўтган ойдаги портлашдан кейин аҳоли ҳукуматга қарши намойишларга чиқди. Шундан бери бу мамлакатда коронавирус билан боғлиқ янги ҳолатлар кескин ўсиб келмоқда. Ливанда ҳозиргача 40 868 киши CОVID-19 га чалинди ва уларнинг 374 нафари вафот этди.

loading...