“Коронавирус сўзи тилга олинмаяпти… Лекин одамлар оилавий-оилавий иситмалаб тузаляпти…”

0

Ҳамма ҚВПда.

Одам кўп.

Шамоллаш мавсуми.

Грипп.

Тумов (ринит).

Лекин коронавирус сўзи тилга олинмаяпти.

Демак, тождор ўлат йўқ…

Айримлар ҚВПнинг муолажа хонасида кесилган чинордай тўнтарилиб осма укол оляпти.

Касаллик не-не алпларни букчайтириб йиқитишига қойилман-да.

Ҳид ва таъм билмаяпман, дейдиганлар кўпайди.

Катта ҳовлида учта келин, ака-укалар, жиянлар икки-уч кун иситма олиб тузалди. Ўзимнинг қизимни ҳам икки кун иситма қийнади.

Мен бўлсам, конкрет шамолладим.

Иссиқ уйдан совуқ ташқарига чиқиб шамолладим.

Иситма йўқ.

Бурнимдан сув оқди.

Йўталдим.

Ҳид ва таъм билишим жойида.

Бошим, оёқларим ва суякларим, мушакларим зирқираб оғриди.

Илгари суякларим бунақа оғримаганди.

Касал ҳолимда ошинлар билан мош тўпладим.

Кун охирида велосипед мингани, ҳатто велосипедни етаклаб уйга (500 одим) етиб олишга лойиқ кучим қолмабди.

Мошпояда белидан пасти янчилган итдай судралдим.

Барибир велосипедни зўрға миниб, оғриқдан » оҳ-воҳ» деб аранг уйга етиб келдим.

Касал ҳолимда меҳнат қилиб ўладиган даражада чарчагандим.

Ерга бир ётиб ўлиб қолсайдим деб ўйладим. Ҳатто ўлигимни силжитманглар, қаерда жоним чиқса, ўша ерга кўминглар, демоқчи бўлдим.

Чарчаганман, ахир.

Кечаси ёмон ухладим, кўп уйғондим.

Энди тузукман.

Тузалдим.

Лекин баданимда озроқ совқотиш бор.

Касал бўлган куним ҚВПга киргандим.

Дўхтир учта таблетка ёзиб берди. Учала таблетка ҳам ўзимизнинг дорихонада йўқ экан. «Шаҳардан топасиз,» – дейишди.

Шаҳарга бормадим.

Қанақа қилиб бораман?

Ўзи зўрға судралиб юрган бўлсам, бу аҳволда шаҳарга боришга йўл бўлсин!

Шукр! Тез тузалдим.

Хуллас, биз томонда одамлар қандайдир касалликдан бир-икки кун иситмалаб тузаляпти.

Коронавирусдан ўлиб қолсам-а, деб ўйладим. 60 ёшдаман, ахир.

Коронавирусга шу даво деб қизим ва набирамга тахир олма шарбатини кўп ичирдим, ўзим эса улардан кўпроқ ичдим.

Олма бизда «море».

Демак, коронавирус сўзи тилга олинмаяпти.

Одамлар оилавий-оилавий иситмалаб тузаляпти.

Менга ўхшаган кексалар, эҳтиёт бўлинглар, вирус ёшларга кучи етмаяпти, кексаларни ўлдиряпти.

Яқинда деҳқончиликларни йиғиштириб бўламиз. Ишлар камаяди. Чўнтакда пул пайдо бўлади. Қўқон бозорларини айланамиз, керакли нарсалар сотиб оламиз.

Қиш ҳам ёмон эмас.

Қишда ижодга мойиллик пайдо бўлади.

Ижодимнинг бош мотиви эрк соғинчидир.

Раҳимжон Раҳмат

loading...