Қирғизистондаги норозилик намойишлари — суратларда

0

6 октябрь куни кечаси Бишкекда сайловлар натижасидан норози бўлган намойишчилар президент маъмурияти жойлашган Қирғизистон парламенти биносини, ҳукумат, пойтахт мерияси ва Бош прокуратура биноларини эгаллаб олди. Қирғизистон ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш юз бергани ҳақида маълум қилди. Бир киши ҳалок бўлгани,  қарийб 700 киши жабрлангани ҳақида хабар берилмоқда. Бишкекдан лавҳаларни «Коммерсантъ» ўз фотогалереясида эълон қилди.

4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди, унда 16 та партия иштирок этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 7 фоизлик маррадан фақат тўртта партия ўта олган: «Биримдик» (24%), «Мекеним Киргизистан» (23%), «Қирғизистон» (9%), «Бутун Қирғизистон» (7%). Улардан фақат «Қирғизистон» ўтган чақириқда бор эди.

5 октябрь куни республика пойтахти Бишкекда парламент сайловларида мағлуб бўлган партиялар тарафдорлари намойишга чиқди, у кейинроқ оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.

Намойишчилар сайловлар натижаларини бекор қилиб, қайта овоз беришни ўтказишни талаб қилди.

Бишкекдаги Ала-Тоо марказий майдонига қарийб 6 минг киши тўпланди.

6 октябрга ўтар кечаси Бишкекдаги намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президенти маъмурияти жойлашган Оқ уй биносига бостириб кирди.

Акция иштирокчилари парламент биносига бостириб кириш чоғида милиция ходимларига ёнувчи аралашма солинган шиша идишлар ва тошлар ёғдирди.

Махсус топшириқли бўлинмалар ва ИИВ бўлинмалари ёруғлик ва шовқин тарқатувчи гранаталар, кўзни ёшлантирувчи газ, резина ўқлар ва сув замбаракларини қўллади.

Эгаллаб олинганидан кейин Қирғизистон парламенти биносида ёнғин юз берди, у тез орада ўчирилди.

Сайлов якунларидан норозилар, шунингдек, пойтахт мерияси ва Бош прокуратура биноларини ҳам эгаллаб олди.

Республика ССВ маълумотларига кўра, тунги тартибсизликлар оқибатида бир киши ҳалок бўлган, қарийб 700 киши жабрланган.

Намойишчилар талаби билан тергов изоляторидан Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев озод қилинди, колониядан собиқ бош вазир Сапар Исаков чиқариб юборилди.

Аввалроқ — июнда Қирғизистонни 2011—2017 йилларда бошқарган Алмазбек Атамбаев 2013 йилда жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод этгани учун 11 йил-у 2 ой қатъий режимдаги колонияга маҳкум этилган эди. Суратда: намойишчилар ўзлари эгаллаб олган парламент биносида.

Муҳолифат Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбековни лавозимидан четлатиш ниятини маълум қилди.

6 октябрь куни эрталаб Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков республикада «баъзи сиёсий кучлар» томонидан ҳукуматни эгаллаб олишга уриниш содир бўлганини маълум қилди, шу билан бирга, куч вакиллари, унинг буйруғи билан, фуқаролар ҳаётини хавф остига қўймаслик учун ўт очмаганлигини таъкидлади.

Қирғизистонда намойишчилар муваққат бош вазирни тайинламоқчи.

Бишкекда халқ дружиналари ташкил қилинмоқда. Юзлаб дружинниклар намойишчилар томонидан эгалланган Бишкек мерияси биносида бўлиб турибди.

Daryo.uz

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here