Қайнонасидан жирканган янги келинчак

1

Янги келинчак қайнонаси келиб ўтирган дастурхон устидан энсасини қотириб туриб кетди. Унинг бу қилиғи эрига ғалати туюлди.

– Нимага дастурхондан турдингиз, хоним? Сизга нимадир ёқмадими? – деди.

Аёл:

– Ойингизнинг қўллари кир экан. Иштаҳам бузилиб, кўнглим айниб кетди!

– Шу сабаб турдингизми? Хўп, нима қилиш керак, азизам? Айтинг!

– Ойингиз ўзи овқатлансин! Биз билан бир дастурхон узра ўтирмасин! Бундан кейин уни биз билан бирга кўришни хоҳламайман!

– Хўп, хўп бўлади. Бугундан эътиборан ойим алоҳида, ўзлари ўтирадилар. Лекин мен сиз айнан онамнинг биз билан таомланишларидан эмас, бир уйда яшашларидан ҳам қалбингиз сиқилаётганини сезяпман. Сизга қолса, онам биз билан яшамасалар, а?

– Гапнинг очиғи шундай, мен ўз уйимда улар сабаб хотиржам яшолмайман! Эркинликка ўрганганман!

– Хабарингиз бор. Онамнинг ёлғиз фарзандиман. Улар кекса бўлиб қолдилар. Нима қилишим керак?

– Масала ҳал, қариялар уйига олиб бориш керак. Вақти-вақти билан бориб кўриб келасиз. Агар шундай қилмасангиз, ота уйимга кетаман. Олдингизга қайтиб келмайман.

– Хўп бўлади, азизам! Менга сиз бахтли бўлсангиз бўлди. Онамни қариялар уйига олиб бораман! – деб аёлига табассум қилди.

– Ҳа, айтганча, кеча дадангиз менга қўнғироқ қилиб, уйларига чақирдилар-а?

– Ҳа, чунки мен илтимос қилган эдим!

– Таклифларининг сабаби нима, азизам?

– Эртага борганимизда билиб оласиз! Энди мен бориб ухлаб дам ола қолай! – деди аёл.

– Аллоҳ офият берсин! – деди эри.

Сўнг онасининг хонасига кирди. Онаси:

– Болам, хотинингга нима қилди? Овқатланмади? Бетобми?

– Ҳа, онажон, мазаси йўқ!

– Ҳа, унда нега олдимга келиб ўтирибсан? Бориб доктор чақир! Дори-дармон сотиб ол! У касал бўлиб, емак емай оч ухлаб колса, Аллоҳ олдида жавоб берасан! Унга масъулсан!

– Йўқ, онажон! У қадар эмас. Бироз дам олса, ўзига келиб қолади. Хавотир олманг!

– Аллоҳ сизларни соғ-саломат қилсин, болажоним!

– Омин! Она, эртага сизни бир жойга олиб бораман! Ундан кейин ҳамма нарса ўзгаради.

– Қаерга болажоним?

– Эртага билиб оласиз! Сиз фақат у пайт менинг қилган ишимдан ғазабланманг! Уришманг!

– Ўғлим, сен ҳамма нарсани ҳикмат билан бажаришингга ишонаман!

– Аллоҳ сизни асрасин, онажон!

Эртаси куни ҳаммалари бирга аёлнинг ота уйига боришди. Куёв онасининг қўлидан тутиб машинадан туширди.

Аёли секин келиб эрининг қулоғига пичирлаб:

– Ойингизга нима бор эди? – деди.

– Хотиржам бўлинг! Бу ердан чиқиб, кейин ташлаб келаман! – деди эри.

Келиннинг ота-онаси уларни кутиб олди. Пешин намозини ўқиб, тушлик қилмоқчи бўлишди. Келиннинг отаси куёви билан ёлғиз гаплашиб олиш мақсадида бошқа хонага таклиф қилди.

– Сиз билан муҳим масала юзасидан гаплашиб олишим керак! Қизим – ёлғиз фарзандим! Унинг бахти мен учун ҳамма нарсадан устун! У менга қўнғироқ қилиб, онангиз билан яшашни истамаётганини айтди. Тез ечим топмасангиз бўлмайди. Эркатойим сиқилишини хоҳламайман! Бўлмаса, қизим уйингизга қайтиб кетмайди! – деди.

– Демак, ўша муҳим-м-м масала менинг онам экан-да? Ҳа, биз қизингиз билан ечим топдик! Бу ердан чиқиб, онамни қариялар уйига олиб бориб қўяман!

– Тушунганингиз учун раҳмат! Масала ҳал, демак! – деди қайнота.

Дастурхонга таомлар тортилди. Аёлнинг барча оила аъзолари келиб ўтирди. Лекин куёвнинг онаси йўқ эди.

– Онам қанилар? – деб сўради куёв.

– Ҳа, уларми… улар бошқа хонада ўзлари овқатланадилар.

– Буни сиз уларга айтдингизми, азизам?

– Ҳа.

Куёв қайнотасининг оиласига бироз қараб турди-да, улар дастурхонга қўл узатишларидан олдин:

– Ростини айтсам, мен сизлар билан овқатланишдан ҳазар қиламан! Чунки ҳаммангизнинг қўлларингиз ювуқсиз, кир! Сизлар бор жойда нафас ололмайман! Кўнглим сиқилади! – деди.

Ҳаммалари даҳшатга тушишди.

Аёл шашт билан ўрнидан туриб:

– Бу нима деганингиз? – деди.

– Қалбинг ёндими? Кеча онам ҳақида ҳам шундай деганингда юрагим ёнди! – деди. Сўнг қайнотасига қараб: – Сиз-чи, кап-катта одам! “Онангдан қутул! Уни ҳайдаб сол”, дегани Худодан уялмадингизми? Куни келиб, сиз ҳам мункиллаб қолсангиз, фарзандларингиз сизни кўчага улоқтиришса, нима қилган бўлардингиз? Аллоҳ инсоф берсин, сизларга! – деди.

Сўнг онаси ўтирган хонага кириб уни олиб чиқди. Онаизорнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Онасининг юз-кўзидан ўпиб:

– Кетдик, онажон, кетдик! – деди.

– Қаерга, болам?

– Мен розилигингизга эришай, розилигингиз ила мени жаннатга етакланг, Она! – деди ва онасини бағрига олиб, одимлади. Чиқишидан олдин, аёлининг оиласи томон қараб:

– Менга Жаннатим (онам) керак! Дунёйингиз (қизингиз) ўзингизга сийлов! – деди.

Эргаш Салимов

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.