“Муҳаббат ҳақида ёзсак-да, атрофимиздагиларни ёмон кўрамиз. Адолат ҳақида гапирамиз-у, қўл остимиздагиларга зулм қиламиз…”

0

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир киши ҳақида суриштирдилар. Кишилардан бири туриб уни танишини айтди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга дедилар:

— Эҳтимол, сен унинг қўшнисидирсан?! Чунки қўшнилар инсонни яхши билишади, унинг табиатини кўра олиб, ахлоқидан хабар беришади.

— Йўқ, эй мўминлар амири!

— Эҳтимол, сен у билан ҳамсафар бўлгандирсан?! Чунки сафарда инсон табиати кўринади, ахлоқи билинади.

— Йўқ, эй мўминлар амири!

— Эҳтимол, сен у билан тижорат қилгандирсан, дирҳам ва динор ила муомала қилгандирсан?! Дирҳам ва динорнинг олдида охират кишилари дунё кишиларидан ажралиб қолади.

— Йўқ, эй мўминлар амири!

— Эҳтимол, сен унинг масжидда намоз ўқиганини кўргандирсан?!

— Йўқ, эй мўминлар амири!

— Унда ўтир! Сен уни танимас экансан.

Умар розияллоҳу анҳу бизни 1400 йил олдин бугун биз алданиб турган ҳолатдан огоҳлантираяптилар. Бугун «кўриниш дини» кўпайди, диннинг кўриниши эса камайиб кетди.

Биз мисвокни суннат ўлароқ ишлатишимиз керак эди. Биз эса уни бир-биримизнинг гўштимизни ейиш учун тишимизни чархлашга ишлатаяпмиз.

Биз қўлимизни узун қилиш (саховат қилиш) керак бўлган жойда соқолимизни узун қилдик. Уни кишиларнинг кўзига суннат ўлароқ кўрсатиш ўрнига, ортида кўпгина ўғриларни яширадиган қалқон қилиб кўрсатдик.

Биз минглаб кишиларни сиғдирадиган масжидларни қурдик. Аммо бомдодда биринчи сафни ҳам тўлдира олмадик.

Биз кутубхоналаримизни безаши, уни чиройли кўрсатиши учун «Саҳиҳи Бухорий»ни сотиб олдик. Ўзимизни бу билан олим кўрсатмоқчи бўлдик. Агар керак бўлса, ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг унга қилган шарҳлари ҳам бор. Унинг сони эса жуда кўп.

Биз дўконимизнинг тепасида «Бу фалончи ҳожининг дўкони» деб ёзиб қўйиш учун, таклифномаларда «фалончи ҳожи ака» деб номимиз ёзилиши учун ҳаж қиладиган бўлдик. Бу билан кишиларга бу дўконнинг соҳиби ишончли киши эканлигини, ҳурматли зот эканлигини билдирмоқчи бўламиз.

Биз муҳаббат ҳақида ёзсак-да, атрофимиздагиларни ёмон кўрамиз.

Биз адолат ҳақида гапирамиз. Аммо ўзимиз қўл остимиздагиларга зулм қиламиз.

Биз хотинларимиз ҳақида ижтимоий тармоқларда худди уларни севадиган Мажнун каби ёзамиз. Уйимизда эса уларга Абу Жаҳл каби муомала қиламиз.

Биз ичимиздагининг аксини кўрсатамиз. Бу мунофиқликнинг асл таърифидир.

Мен ёлғончи иймондан очиқ куфрни афзал деб биламан. Иккисида ҳам ёмонлик бор, аслида.

Иймон бу қалбда чуқур ўрнашган нарсадир. Амал уни тасдиқлайди. Биз сулукимизда, ҳаёт йўлимизда таъсири бор динни хоҳлаймиз. Инсонлар диндор муаллим билан динсиз муаллимнинг, диндор савдогар билан динсиз савдогарнинг, диндор эр билан динсиз эрнинг, диндор хотин билан динсиз хотиннинг фарқига боришини истаймиз.

Ҳажимиздан фақатгина тасбеҳ, жойнамоз ва ҳожилик унвонига эга бўлишимиз мусибатдир.

Рўзамиздан бизга фақатгина атиргул суви, ҳинд хурмоси ва қандайдир кўрсатув ёки сериалнинг насиба бўлиши мусибатдир.

Намозимизни спорт машқлари деб билишимиз мусибатдир. Аслида «намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради» оятини кунора тиловат қиламиз. Аммо қайтмаймиз.

Бир нечагина йилда оддий чорвадорларни халқлар етакчисига айлантирган динимиз бу ишни яна қилиши мумкин. Жамиятшунослик илми ҳозиргача бундан ҳайратда. Аммо шуни айтиш керакки, аждодларимиз ўзларини Аллоҳга тўлиқ таслим қилишган, У яхши кўрган нарсани яхши кўришар, У ёмон кўрган нарсани ёмон кўришар, Унга У хоҳлаганидек ибодат қилишар, буйруқларини ўрнида бажаришар эди.

Abdulqodir Polvonov

loading...