Россия аҳолиси 2020 йил якунига келиб 352,5 минг кишига камайиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга қараганда 11 бараварга кўп

0

Россия аҳолисининг умумий сони 2020 йил якунларига келиб 352,5 минг кишига камаяди, деб ёзмоқда Meduza «РБК»га таяниб. Бу ҳақда 2030 йилгача миллий ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳукумат лойиҳасининг октябрь ойи версиясида қайд этилган.

Ушбу ҳужжатдаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатнинг умумий аҳолиси 2019 йилда қараганда 11 бараварга қисқаради. Ўша вақтда аҳоли сони 32,1 минг кишига қисқарганди.

Ҳукумат 2020 йилда аҳоли камайиши прогнозини икки баравар оширди. Август ойида тайёрланган режанинг аввалги версиясида йил охирига келиб аҳоли сони 158 минг кишига камайиши, 2022 йилда эса кўтарила бошлаши айтилган эди.

Янги прогнозда 2021 йилда аҳоли сони 290 мингга, 2022 йилда 238,1 мингга, 2023 йилда 189,1 мингга, 2024 йилда эса 165,3 минг кишига камайиши айтилган. Умумий ҳисобда 2020—2024 йилларда аҳоли сони 1,2 миллиондан ортиқ кишига камаяди. Аҳолининг ўсиши фақат 2030 йилда бошланиши прогноз қилинмоқда.

Россия статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь—август ойларида мамлакат аҳолисининг табиий пасайиши 346,9 минг кишини ташкил этди (2019 йилнинг шу даврида 219,2 минг киши бўлган).

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги миллий мақсадларга эришиш бўйича ягона режа лойиҳасини  якунига етказиш давом эттирилаётганлигини расман маълум қилган. «Режа лойиҳаси ҳали таҳрирланади, рақамларга эса аниқлик киритилади», — дейилади вазирлик хабарида. Меҳнат вазирлигида режа тасдиқланмагунча хулоса қилишга ҳали эрталиги таъкидланган.

2020 йил январь—август ойларида Россияда коронавирус пандемияси фонида ўлимлар сони йиллик ҳисобда қарийб 6 фоизга ошган. Саккиз ой ичида 2019 йилнинг январь—август ойларига қараганда 71 748 нафардан ортиқ киши вафот этган.

«Росстат» маълумотларига кўра, Россияда апрель—август ойларида, COVID-19 билан касалланган 45663 киши вафот этган. Ушбу статистикада коронавирус ўлимнинг асосий сабаби бўлган ҳолатлар ҳам, COVID-19 ташхиси энди қўйилган, аммо бемор бошқа сабаб билан вафот этган ҳолат ҳам ҳисобга олинган.

Январь—июль ойларида миграция оқими 65,3 минг кишини ташкил қилган, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 153,9 минг кишини ташкил этган. Етти ой давомида миграция оқими аҳолининг табиий пасайишини 20,6 фоизга қоплаган.

daryo.uz

loading...