Тоғли Қорабоғ аслида кимга тегишли?

0

Арманистон президенти Никол Пашинян «Тоғли Қорабоғ тарихий армани тупроқларидир» деб жар солишни яхши кўради. Тарихни билмаган ва ўрис пропагандасига учган кишилар унга кўр-кўрона ишонишади. Хўш, бу ҳақда тарих нима дейди?

Арманилар, асосан, Кичик Осиё ва ҳозирги Эрон ҳудудларида тарқалган. Аввалига, ХI асрдан селчуқ турклари, кейинчалик эса Усмонийлар империяси ҳимояси остида яшаган. Турклар босиб олинган ерлардаги халқларга нафақат ўз тили, дини ва маданиятини сақлаб қолиш, балки ривожлантиришига имкон яратган. Улар фақат ғайримуслимлар учун алоҳида солиқ тўлашган, холос. Қолган соҳаларда турклар ва бошқа мусулмон халқлар билан бир хил ҳуқуқлардан фойдаланишган.

Туркларнинг инглиз, испан, франсуз, португал ва бошқа мустамлакачи давлатлардан энг катта фарқи — улар босиб олинган ҳудудлар аҳолисига иккинчи даражали халқ ўлароқ муомала қилмаган, ассимилация қилмаган, маданияти ва тарихини йўқотмаган. Шунинг учун, тарихда энг узоқ яшаган империя сифатида эсга олинади.

Арманилар Усмоний давлатига содиқлиги туфайли «миллет-и садика – содиқ миллат» деган шуҳрат қозонган. Улар империяда вазирлик даражасидаги энг юксак лавозимларга эришишган.

Вена остонасигача борган турклар шарқий ва марказий Оврўпа тупроқларига келиб ўрнашиб, кўплаб меъморий обидалар ва масжидлар қуришган. Гарчи, биринчи жаҳон урушидан кейин кўпчилик ҳозирги Туркия ҳудудига кўчиб келишга мажбур қолган бўлса-да, уларнинг авлодлари ҳалигача ана шу давлатларда яшайдилар.

1789 йилги франсуз инқилоби ўзи билан бирга миллий давлатчилик ғоясини олиб келди. Шундан сўнг, ғарб давлатлари Усмонийлар империясидаги насронийларни ўз миллий давлатларини ташкил қилиш учун туркларга қарши гиж-гижлаши кучайди. Натижада, секин-аста Усмонийларга қарши қўзғолонлар чиқа бошлайди ва Юнонистон, Руминия, Булғористон каби давлатлар пайдо бўлади. Лекин, бу давлатларда ҳозиргача ҳам миллиондан ортиқ турк яшайди.

Усмонийлардан фарқли ўлароқ, озод бўлган тупроқларда туркларга қарши душманлик кайфияти маҳалли ҳукуматлар тарафидан давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган. Масалан, 1984 йили Булғористон коммунист ҳукумати туркларининг от ва фамилиялари мажбурий равишда булғорлаштириш ҳақида қарор қабул қилиб, турк тили мактабларини ёпган ва туркча гаплашишни таъқиқлаган. Натижада, 1989 йили бир неча миллион турк Туркияга кўчиб ўтган. Бу ҳақда кейинчалик батафсил ҳикоя қиламан.

ХVIII аср охирлари — ХIХ аср бошларида ҳозирги Арманистон тупроқлари Қажар Эронига тегишли бўлган. Қажарлар эса асл турк қабилаларидан бўлиб, ўша пайтлардан то 1925 йилгача ҳозирги Эрон ҳудуди турклар томонидан бошқарилган.

1826-28 йиллардаги Ўрусия ва Қажарлар орасидаги урушда ўрисларнинг қўли баланд келади. 1828 йили тузилган Туркманчай (Туркмансой) сулҳ келишувига кўра, Аракс дарёсининг шимолида жойлашган Ереван хонлиги, Нахичеван хонлиги ва Талиш хонлиги Ўрусия ҳукмронлиги остига ўтади.

Келишувнинг яна бир моддасига кўра, Араксдан жанубда яшаётган 20 мингдан ортиқ армани шимолга кўчирилади. Арманиларнинг бир қисми Ереванга, яна бир қисми Тоғли Қорабоққа, учинчи қисми эса ҳозирги Гуржистон ҳудудига кўчиб келади. Натижада, ўша ерлардаги турклар ҳозирги Туркияга қараб кўчишга мажбур бўлишади.

Келишувдан олдин ҳозирги Арманистон бошкенти Ереван шаҳрида турклар яшаган. Шаҳар Ўрусия қўл остига ўтгач,1835 йили турклар нисбати 64 фоизга тушган, армани аҳоли эса 34 фоизгача кўтарилган.

Ўша йилларда арманилар Тоғли Қорабоққа ҳам кўчиб келишган ва юқорида келтирилган сабабларга кўра, секин-аста сон жиҳатидан устунликка эришишган. 1980-йиллар бошларида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти компартияси биринчи котиби арманилар кўчиб келишининг 150 йиллигига бағишланган тантаналарда ўзларини қабул қилгани учун озарбайжонларга миннатдорчилик билдирган.

Усмоний империясидаги арманилар эса Ўрусиянинг гиж-гижлаши оқибатида ХIХ аср ўрталаридан кейин ҳукуматга қарши ҳаракатларни кучайтирган. 1915 йили Усмонийлар ғарбда биринчи жаҳон урушига киришидан фойдаланиб, қўзғолон кўтаришган. Ўн минглаб тинч турк ва мусулмон арманилар тарафидан чавақлаб ўлдирилган. Улар, ҳатто, иккиқат хотинларнинг қорнини ёриб, боласини олиб ташлашдан тойишмаган. 1993 йили арманилар худди шундай қатлиомни Тоғли Қорабоғда ҳам қилишди.

Туркларни қирғиндан сақлаш учун, султон шарққа қўшин юборишга мажбур бўлган. Қўзғолон бостирилгач, арманиларнинг бир қисми Ўрусия томонга қочиб кетишади.

Давлатнинг сиртига ҳанжар урган «миллат-и содиқа»ни империянинг жанубига сургун қилиш маъқул топилган. Арманилар ҳозирги Ироқ, Ливан ва Сурияга кўчирилган. Оғир шароитларда ўтган кўчиш пайтида анча киши касаллик, очлик ва қийинчиликлардан ҳалок бўлган.

Усмонийлар ҳукумати ишлатган кучни, Арманистон иддао қилганидек, қатлиом – геноцид деб атаб бўлмайди. Давр тақазоси билан, ёвузликка қарши мутаносиб куч ишлатилган.

Арманилар ана шу даврда ўлганлар бир миллионни ташкил қилганини иддао қилишади. Ҳолбуки, 1905-1906-йиллари империяда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра, Усмоний тупроқларида яшаган жами арманилар сони 1161169 ни ташкил қилган, холос. Шу рақамнинг ўзиёқ қатлиом ҳақидаги иддао қанчалик ёлғонлигини исботлайди.

Ахборот тарқатиш ва насроний халқларга хайрихоҳлик кучли шаклланган ғарб давлатлари масалага бир томонлама ёндашиб, жабр кўрган ва Оврўпага қочиб кетган арманилардан воқеалар тафсилотини олишган, холос. Афсуски, бу муҳим масалага эътибор бермаган турклар кейинчалик ўзларини вақтида ҳимоя қилмай, хато қилишгани анча кеч маълум бўлди.

Ўрусия мусулмон халқлари, жумладан Туркистондаги озодлик курашини бостириш учун ўрис армиясида хизмат қилган ўн минглаб арманилар маҳаллий аҳоли қирғин қилиб, аламини чиқаришгани энди сир эмас. Хусусан, Қўқон мухториятини бостириш учун минглаб ўзбекларни чавақлаб ўлдиришгани тарих дарсликларига киритилган.

Туркия президенти Ражаб Эрдўған армани масаласига оид барча архив ҳужжатларини очиб, олимларни ўрганиш учун таклиф қилган ва қандай бўлишидан қатъий назар, улар берган хулосани қабул қилишини ҳам баён қилган. Лекин, армани томони бу масалага оид ўз ҳужжатларини очишни рад қилиб келяпти, чунки буюк ёлғонлари ошкор бўлишидан манфаатдор эмаслар.

Нима ҳам дердик, ошинг ҳалол бўлса кўчада ич.

Sof.uz

loading...