ЮРИШ “ЯНГИ ТОШКЕНТ” МАҲАЛЛАСИДАН БОШЛАНДИ

0

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 13 октябрида Сирдарё вилоятига қилган ташрифи чоғида тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш ташаббусини илгари сурди. Айни шу йўналишда Оқолтин тажрибасини йўлга қўйиш бўйича керакли тавсия ва кўрсатмаларини бериб ўтган эди.

Ушбу кўрсатмаларга асосан куни кеча Оқолтин тумани “Янги Тошкент” маҳалласида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида юриш марафони ҳамда соғлом ва тўғри овқатланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари бошлаб юборилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланмоқда. Шунингдек, бунинг оқибатида йилига 5,3 миллион одам ҳаётдан кўз юмади. Ортиқча вазн эса, кўпгина касалликлар уяси ҳисобланади. Демак, инсон саломатлигида, турли хасталиклардан ҳоли, чиройли ва бахтли яшашда жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш муҳим аҳамият касб этади.

Янги Тошкент маҳалласининг замонавий кўринишда қайта тикланган оилавий поликлиникасида ўтказилган саломатлик акциясига бутун маҳалла аҳли қатнашди.

Қатъий карантин талаб ва қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилган акцияда, аввало, аҳолининг жисмоний ҳолатини аниқлаб олиш учун бўйи, вазни, бел айланаси ўлчаниб, тиббий варақаларида қайд этилди ҳамда маълумотлар асосида малакали шифокорлар томонидан уларга саломатлигини тиклашда қайси жиҳатларга эътибор қаратиши, тўғри овқатланиш қоидалари бўйича тавсиялар берилди. Сўнгра, Алишер Шадманов бошчилигида ўзаро масофа сақланган ҳолда юриш марофони бошланди.

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Умида Газиева. — Шу боис ҳам биз аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда биринчи навбатда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга эътибор қаратмоқдамиз.
Бунга эса, аҳолини мунтазам юриш машғулотини бажариши ҳамда тўғри овқатланиш талабларига амал қилишларини ташкил этган ҳолда эришмоқчимиз. Сабаби юриш юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олади.

Семизлик метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

Саломатлик акциясини ўтказишда биринчи навбатда аҳолининг жисмоний ҳолати аниқланиб, тиббий картасида қайд этилмоқда. Боиси бир ёки икки ойдан сўнг қилган ҳаракати, интилиши самарасига одамларнинг ўзлари ҳам ишонч ҳосил қилсин. Мана бугун “Янги Тошкент” маҳалласида ўтказилаётган саломатлик акцияси, кўтаринки, кайфиятда давом этмоқда. Юриш марофони эса, эндиликда маҳаллада мунтазам равишда олиб борилади. Шунингдек, патронаж ҳамширалари маҳалладаги хонадонларга ҳам бориб аҳолини вазни бўйини ўлчаб, тўғри овқатланиш бўйича керакли тавсияларини бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

loading...