Трамп Эронга ядро қуролисиз кучли давлат бўлишни тавсия қилди

0

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ядро қуролидан воз кечиш бўйича янги битим тузишга ваъда берди. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг сайловолди ташвиқоти доирасида Пенсилванияда бўлиб ўтган митинг пайтида айтган.

«Мен улар (Эрон) кучли, буюк мамлакат бўлишини хоҳлайман. Биз ғалаба қозонишимиз биланоқ биринчи қўнғироқ Эрон билан бўлади ва биз келишувга эришамиз», — деган у.

Трамп, шунингдек, АҚШ санкциялари туфайли Эроннинг ЯИМ 27 фоизга пасайганини таъкидлаган. Президент давлатга фаровонлик исташини, аммо Эрон ядро қуролига эга бўлиши мумкин эмаслигини билдирган.

АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Брайан Хук ҳам АҚШ ҳеч қачон Эронга ядро қуролига эга бўлишга имкон бермаслиги ва бунинг учун куч ишлатишга ҳам тайёрлигини маълум қилганди.

2015 йилда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Хитой ва Россия Эрон Ядро дастури бўйича қўшма ҳаракат режаси (JCPOA) тузган бўлиб, унга кўра давлатлар Эроннинг ядро қуролидан воз кечиши эвазига унга қарши санкциялар жорий этмасликка келишганди.

Орадан уч йил ўтгач, АҚШ Эронни шартномани бузганликда айблаб, келишувдан чиқди. Вашингтон, шунингдек, БМТнинг Теҳронга қарши санкцияларини тиклаш ниятида эканлигини эълон қилган.

Октябрь ойида Помпео АҚШ Эронга қурол-яроғ етказиб беришга алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўллашини эълон қилди.

Эрон мудофаа вазири Амир Ҳотамий Теҳрон қурол-яроғга қўйилган эмбарго бекор қилинганидан сўнг, асосан, қурол харид қилиш эмас, балки сотиш билан шуғулланишни режалаштираётганини маълум қилган. Шунингдек, Эрон «ракета етакчилиги» бўйича ўзига эътибор тортишини,  учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмаларини яратишда дунё бўйича «кучли бешликка» киришини билдирган.

РБК

loading...