Марказий банк раиси Ўзбекистон «кўп олтин сотиб юборгани» ҳақидаги гапларга муносабат билдирди

0

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов жорий йилда рекорд даражада бўлган олтин экспорти мамлакат иқтисодиётига қай тарзда ёрдам бера олгани ҳақидаги саволга жавоб берди, деб ёзмоқда «Kun.uz».

«Олтин нархининг жаҳон бозоридаги ўзгариши 30 фоиз атрофида кузатилган бўлса, иқтисодиётимизга 30 фоиз қўшимча даромад кирди. Ишлаб чиқарувчиларимиз бугунги кунгача 24 триллион сўм қўшимча даромад олди.

Олтинни сотиш, сотиб олиш масаласида «Ўзбекистон бир ойда шунча олтинни сотиб юборди» деган фикрларни ижтимоий тармоқларда ҳам ўқиб қоламан. Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Бу Марказий банкнинг сиёсати. Бизнинг мақсадимиз олтинни жаҳон бозори нархида ўша ойда ишлаб чиқарувчидан сотиб олиш. Уни сотишдан мақсадимиз эса, бизнинг ўз прогнозларимиз борлиги билан боғлиқ. Нарх кўтарилганида биз уни сотиб, маълум жиҳатдан иқтисодиётимизга, энг аввало Марказий банкка, Марказий банк орқали иқтисодиётга қўшимча даромад олишни мақсад қиламиз.

Лекин буни экспорт билан боғлаш маълум жиҳатдан сал нотўғрироқ. Экспорт ҳақида гапирганимизда доимо Марказий банкда ҳам, ҳукуматда ҳам хўжалик субъектларининг бевосита қилган экспорти тўғрисида гаплашамиз.

Агар олтин нархи тушиб кетса ва биз кейинчалик олтин нархи кўтарилишини кутадиган бўлсак, яъни шуни таҳлил қилаётган бўлсак, олтин ҳам сотиб оламиз. Бу Марказий банкларнинг бажарадиган нормал ҳолати.

Биз олтин-валюта захирамиз таркибини ўзгартириб туриш ваколатига эгамиз ва буни мустақил равишда ажратамиз. Агар олтин нархи жаҳон бозорида тушиб кетадиган бўлса ва биз келгусида олтин нархи ошишини кутаётган бўлсак, олтинни сотмаслигимиз ҳам мумкин. Бу дегани бизнинг олтин-валюта захирамизнинг умумий ҳажми ўзгармайди, фақат таркиби ўзгаради. Олтин қисми кўпаяди, валюта қисми камаяди. Шундай тамойил билан Марказий банк ўз ишини ташкил қилган», дея Марказий банк раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

loading...