“Бу уятсиз тоифалар инсоннинг шахсий фикри ва қарорини ҳам ҳурмат қилмас экан…”

0

Биздаги ғарбпарастлар ўта уятсиз тоифа бўлади. Бойкот ҳақидаги постимдан кейин уларнинг юзи янада очилди.

1. Мен бойкотга чақирмадим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳурматсизлик қилгани учун Франциянинг маҳсулотларини олмасликка қарор қилдим. Бу шахсий қарор. Ғарбпарастлар инсоннинг ҳатто шахсий фикри ва қарорини ҳам ҳурмат қилмайди.

2. Уларнинг қалбида муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари биз мусулмонлар учун энг олий муқаддасотлардан бири. У зотнинг Аллоҳ томонидан буюк миссия билан юборилганларини бир томонга қўяйлик-да, фақатгина сийрат ва суннатларини ўрганайлик: бутун инсониятга уларчалик манфаати етган, фикри ва йўли намуна бўла оладиган бирор шахс тарихда бўлмаганини беихтиёр тан оламиз. Аммо қалби сўқир ғарбпарастлар бирор бошқа доҳий ё мутафаккирни тан олса оладики, лекин ўз идеалларининг ҳаммасини жамлаганда ҳам устун ва ғолиб бўлган зотни таҳқирлашга уринади. Бу уларнинг «адолатпарвар»лигидан.

3. Эълон қилган қарорим – кичик бир норозилигим. Бундан бошқа тезкор чорам бўлмагани учун шу қарорга келганман. Фикр ва сўз эркинлиги ҳамда норозилик ифодаси учун ҳамма воситани, жумладан бойкотни ҳам оқлайдиган ғарбпарастлар бойкотимдан шунчалар жазавага тушишмоқда. Қани ўз принципларингизга содиқлигингиз, жаноблар?!

4. Ғарблик раҳнамоларига ялтоқланавериб ўрганиб қолгани учун ғарбпарастлар кичик бир шахсий қарорни ҳам араб раҳнамоларининг буйруғи дея талқин қилибди. Эй, сиз шуни билиб қўйинг! Ислом дини бутун инсоният дини! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсониятга юборилганлар. Бу динга кўра араб билан ажамнинг фарқи фақат тақвосида бўлади. Динидан узоқлашган арабдан кўра динини маҳкам тутган ажам афзал биз учун. Бировларнинг сариқ чақасига тирикчилик қиладиган сизлар ҳамма ишни тор манфаатингиз доирасида баҳолайверишингиз қанчалар тубанликка кетганингизни кўрсатади.

Хуллас, эй ғарбпарастлар, мезон ва ҳақиқатларингизни қайта бир кўриб олинг! Бузуқ мезон ва қийшиқ ҳақиқатингиз билан нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам зиёнда қоляпсиз.

Мубашшир Аҳмад

loading...