«Ҳижолатдаман, ўзимни жиловлашим керак эди». Бўстон ҳокими Садбархон Мамитова фермерларни камситаётгани ёзилган аудио бўйича изоҳ берди

2

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова тумандаги фермерлар билан учрашувда уларни «мараз», «ифлос» деб ҳақоратлаган, соя ўсимлиги билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. Унинг бу хатти-ҳаракати қайд этилган аудиоёзув, жумладан, «Human.uz» сайти томонидан эълон қилинди.

Асабий мулоқот давомида ҳоким Мамитова фермерларга: «Кимсан сен, ўзингдан кетган мараз, соя сотмаган ифлос. Пахта қилмайсан, ўзингдан кетиб ифлос», деб гапираётганини эшитиш мумкин.

«Қани соянг бўлмасин, ерингдан умид қилма биттанг ҳам. Соя қиласан, пахтанг қолади, бўлмаса кетади. Ғалла эккан тақдирингда ҳам кетади. Кўзингни очиб ол ҳамманг. Отингни қамчилаб, болангни олиб бордирасанми, энангни олиб бордирасанми, топасанми, бориб соянгни бажариб қўй, кунлик сўрайман», — дея, ҳоким фермерларга таҳдид ҳам қилган.

Бўстон ҳокими Садбархон Мамитова «Дарё» мухбири Миролим Исажонов воқеа қачон бўлгани, нима сабабдан фермерларга бундай гапиргани ва «оғзидан чиққан сўзлар учун ўзи ҳам ҳижолатда» эканини сўзлади.

Соғлиғимни йўқотганим туфайли икки ҳафта шифохонада ётиб, даволаниб чиқдим («Human.uz» мухбири билан суҳбатда Мамитова хоним коронавирусга чалинганини айтган — «Дарё» изоҳи). Лекин минг афсуски, ғалла экиш, суғориш ишларимиз ҳамда сояни йиғиб, териб, топшириш режаларимиз анча орқада қолиб кетган.

Соя ўсимлигининг уруғини шу йилнинг ўзида президентимиз вилоят ҳокими билан бирга Самарадан валютага олиб келган, нархи жуда қиммат. Сояни озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигини олдини олиш мақсадида кўпайтириш режалаштирилган. Тумандаги 108 та фермер хўжалигининг барчасига соя уруғи тарқатилган. Улар ғўзанинг орасига ҳам, ғалла майдонининг очиқ қисмига ҳам экишган эди.

Аммо айрим фермерлар экилган сояни ғўза билан бирга «карчувалка» қилиб, юлиб ташлаган ва ўзларига бириктирилган кейинги йил экадиган захирасини ҳам йўқ қилган. Буни жойига қўйиш керак, ахир валютага келган нарса. Мен бу йилги чигитни ҳам соя билан бирга экишим керак, бизга ажратилган уруғдан туман ерлари учун захира уруғи олишим лозим. Қисқаси, ҳар бир фермер ўзи учун ўзи захира уруғи тайёрлаши керак.

Баъзи фермерлар масъулиятни ҳис қилмай, бееътибор бўлгани учун тахминан икки кун аввал танбеҳ бердим. Стресс пайтида оғзимдан чиқиб кетган сўзлар учун ўзим ҳам ҳижолатдаман. Мен ҳам ўзимни жиловлашим керак эди. Лекин бундай гапларни айтиб, одамлар билан муомала қилиш одатим йўқ. Ўзимга яраша ҳисоб-китобим бор.

Садбархон Мамитова, Бўстон тумани ҳокими

Садбархон Мамитова 2020 йил 4 март куни, «аёлларни ҳоким этиб тайинлаш ойлиги» доирасида, Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими этиб тайинланган эди. Бунгача у 2007—2008 йилларда Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2011—2017 йилларда Жалақудуқ тумани Бандликка кўмаклашиш маркази директори, 2019 йилдан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Daryo.uz

loading...

2 ФИКРЛАР

  1. Хижолат бўлмасдан олдин ўйлаш керак эди кампиршох. Хоким дегани халқнинг хизматкори бўлиши керак, хўжайин эмас

  2. Вилоят хокими каекка караяпти. Буни купол, эркакча камситишга Нима хакки бор бировни. Думини тугиш керак.

Comments are closed.