Иқтисодчи олим Аҳмад Ўлмасов 88 ёшида вафот этди

0

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, иқтисод фанлари доктори, профессор Аҳмад Ўлмасов 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берган.

Аҳмад Ўлмасов 1932 йилда туғилган. 1954 йилда Москвадаги Собиқ Иттифоқ Фанлар академиясининг Иқтисод институти аспирантурасига кириб, тўрт йилдан сўнг номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1969 йилда докторлик диссертациясини ёқлаб, 1970 йилда профессор унвонини олган.

Олим қатор илмий ва таълим муассасаларида илмий ходим, кафедра мудири, илмий ишлар бўйича проректор сифатида фаолият юритган, илмий кенгашларга раислик қилган.

Аҳмад Ўлмасов қатор дарсликлар яратилишида ҳам фаол иштирок этган. 1995 йилда Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун «Иқтисодиёт назарияси» номли биринчи миллий дарсликни ёзган, коллежлар ва лицейлар учун «Иқтисодиёт асослари», «Иқтисодий билим асослари», «Иқтисодиёт назарияси» номли дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.

Иқтисодчи олим 9 нафар фан доктори, 35 дан ортиқ фан номзодининг илмий ишига бевосита раҳбарлик қилган.

loading...