«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади…»

0

Қуръони Карим – Аллоҳнинг каломи. Уни ўқиган ҳар бир ҳарфи учун савоб олади. Дунёда амал қилинса, ҳидоятчи, охиратда эса шафоатчи бўлади. Бундан ташқари, Қуръони карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам беради. Бу ҳақда ҳадии шарифларда жуда кўп зикр қилинган:

وَلِأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدُهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар у орангизда бўлса эди, унинг зиёси бу дунё уйларидаги қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлар эди. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

Шарҳ: Яъни Қуръони Каримни ўқимаган ота-онага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Шундай бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони Каримни ўқитишга ўтсин.

Шундай бўлганидан кейин ҳар биримиз Қуръони Каримни ўқишга ва унга амал қилишга ўтайлик.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ يَا رَبِّ حَلِّهِ، فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ، ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ زِدْهُ، فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ، ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ، فَيَرْضَى عَنْهُ، فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни Қуръон келиб:

«Эй Роббим! Унга сарпо кийдир», дейди.

Бас, унга каромат тожи кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Унга зиёда қил» дейди.

Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Ундан рози бўл» дейди.

Бас, У Зот ундан рози бўлади.

Сўнгра унга:

«Қироат қил ва кўтарилавер. (Сенга) ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.
Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.

Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан

loading...