Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исаков ва Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимовга нисбатан давлатлараро қидирув эълон қилинди

0

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Сапар Исаковга нисбатан давлатлараро қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизматига таяниб, «24.кг» хабар берди.

Шунингдек, қидирув Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимовга нисбатан ҳам эълон қилинган. Унга нисбатан аввалроқ жазодан қочиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққач парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Тинч бошланган акциялар кечга бориб ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши яраланди, бир киши вафот этди.

6 октябрь тонгида намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллади. Шундан сўнг намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига қараб йўл олди ва махсус хизмат ходимлари билан музокаралардан сўнг улар собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ўтган йилдан буён ҳибсда сақланаётган МХДҚ тергов изоляторидан озод қилди. Колониядан, шунингдек, Атамбаев даврида ҳукуматни бошқарган собиқ бош вазир Сапар Исаков ҳам озод этилди. У коррупцияда айбланиб, 2020 йилнинг июнь ойида 18 йилга озодликдан маҳрум этилганди,

Албек Ибраимов

Шунингдек, тартибсизликлар вақтида Бишкек мэрияси биносига бостириб кирган намойишчилар «Республика» партиясидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод Жўшбек Коеналиевни шаҳар мэри деб эълон қилганди.

Тартибсизликларгача шаҳар мэри лавозимида ишлаб келган Азиз Суракматов 20 октябрь куни истеъфога чиққан. У шаҳарга раҳбарлик қилиш учун ўзининг биринчи ўринбосари Наримон Тулеевни кўндирган, бироқ Тулеев Қирғизистон пойтахти раҳбари мажбуриятларини бажаришдан бош тортган ва мер вазифасини вақтинча бажарувчи этиб мернинг биринчи ўринбосари Алмаз Бакетаев тайинланишини билдирган.

loading...