Дунёнинг энг бадавлат одами бир кунда қарийб 7 миллиард доллар йўқотди

0

Дунёнинг энг бадавлат одами, Amazon асосчиси Жефф Безос 28 октябрь куни 6,8 миллиард АҚШ доллар зарар кўрди. Ўша куни дунёнинг энг бадавлат инсонлари ўнталигига кирувчи миллиардерлар дунё фондлари биржаларидаги қулашлар оқибатида умумий ҳисобда 37,36 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда 29 октябрь куни РИА Новости нашри Bloomberg Billionaires Index (BBI) тақдим этган маълумотларга асосланиб хабар берди.

Шу билан бирга, Facebook асосчиси Марк Цукерберг (5,75 миллиард доллар) ва Tesla асосчиси Илон Маск (4,24 миллиард доллар) жиддий зарар кўрди. Цукерберг ва Маск BBI миллиардерлар рейтингида тўртинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Рейтингнинг иккинчи қаторидан жой эгаллаган Microsoft асосчиси Билл Гейтс унчалик кўп зарар кўрмади. У бор йўғи 2,3 миллиард доллар йўқотди.

Миллиардерлар маблағининг пасайиши пандемиянинг иккинчи тўлқини соясида глобал фонд бозорларида, жумладан, Уолл-стритда юзага келган ваҳима остидаги савдолар билан изоҳланмоқда. Хусусан, Америка фондлари индекслари 4 фоизгача тушиб кетган.

loading...