ИЧКИ КАСАЛЛИКЛАР ТУФАЙЛИ ЮЗГА ДОҒ ТУШИШИНИ ҚАНДАЙ БАРТАРАФ ЭТИШ МУМКИН? (3-қисм).

0

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шаҳноза Мавлонова билан cуҳбат .

— Теримиз ҳимоя қатламимиз билан биргаликда чиройимиз ҳамдир. Унинг соғлом, кўркам нур сочиши учун қандай таомланиш зарур? Аксинча, қандай амалларимиз теримиз гўзаллигига раҳна солади?

— Терининг гўзаллиги овқатланиш рациони билан боғлиқ. Илмий изланишлар натижасида шу нарса фанга аниқ бўлдики, инсон қанчаллик тўғри ва соғлом овқатланса, нафақат соғлиғи яхшиланади, балки териси ҳам кун сайин чирой очади. Организм биринчи навбатда оқсил ва витаминларга тўйинган бўлиши зарур. Албатта микроелементларнинг ҳам тери соғлом нур сочишида ўз ўрни бор. Йод, селен, магний, цинк, мис, калсий, калий ҳам меъёрида бўлиши шарт.

Мунтазам фаст-фуд истеъмол қилиш, ёғли овқатлар меъёрини билмаслик, ширинликларни пала-партиш ейишлик ошқозон-ичак тизими фаолияти бузилишига олиб келади. Озиқ моддаларнинг ёмон сўрилиши овқат ҳазм бўлишини секинлаштиради ёки аксинча. Мана шу бузилишларнинг барчаси терининг ташқи кўриниши салбий ҳолга келишига сабаб бўлади. Шунинг учун дерматологлар бевосита гастроентерологлар билан биргаликда ҳамкорликда ишлайди.

— Ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида терида қичишиш, ачишиш ва майда тошмалар кузатилади. Айтинчи, ҳомиладорлик теридаги асоратларсиз ўтиши учун бўлажак оналар нималарга аҳамият қаратиши лозим?

— Ҳомиладорлик даврида она организмидаги ўзгаришлар жуда кескин ўтади. Аёл организми бошқача тарзда ишлайди.

Ҳомиладорликдан олдин тошмалар патология ҳисобланса, ҳомиладорлик билан боғланган гормонал ўзгаришлар даврида айнан шу тошмалар норма, деб қабул килинади. Ҳомиладор аёлларда тошма кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Агар тошмалар терининг юза қисмида жойлашган бўлса ҳуснбузарларни эслатади. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, юздаги тошмалар қизилча, герпес, сувчечак каби хавфли вирусли касалликлар аломати бўлиши ҳам мумкин.

Қолаверса, ҳомиладор аёлларнинг кўкрак ва орқа елка соҳаларидаги тошмалар кўпинча юқумли касалликлар, ичак функционал бузилишлари натижаси бўлиши мумкин. Юкоридаги ҳолатлар кўпинча ҳомиладорликни охирги уч ойликда кузатилади.

— Қайси ички касалликлар ҳисобига юзга доғ тушади?

— Кўзгу қаршисига туриб, юзингизга диққат қилинг: ранги тиниқми, ҳуснбузар ёки тошма бўлса, катталиги, ҳолати ва миқдори қанча? Доғни кўрсангиз унинг ўлчами ва юзнинг қайси қисмидан жойлашганига қаранг. Ишониш қийин-у, лекин юзнинг ҳар бир қисмидаги камчилик ички аъзоларнинг у ёки бу тури билан боғланган бўлади. Масалан, ошқозон-ичакларда муаммо бўлса, юз ёноқларининг ўрта қисмида ҳуснбузар пайдо бўлади. Безовталик сурункали тус олиб, хасталикка айланса, доғ пайдо бўлиши мумкин. Юз тузилиш, ҳолати ва кўринишига қараб ташхис қўйиш тиббиётда оммалашган усуллардан бири. Зеро, юз соҳасига доғ тушиши, ҳуснбузар ёки тошма чиқиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Одатда мазкур ҳолат бир қатор омиллар билан тахмин қилинади.

Жумладан:
Гормонал баланс мувозанати ўзгариши (кўпинча хомиладор аёлларда, юз, бўйин ва қорин соҳасига доғ тушиши билан кузатилади);

Пешоб ажратиш йўли ҳамда жигардаги ўзгаришлардаги тери пигментацияси (қўл кафти юзасидаги майда доғлар, юз ёноқларига ёйилгани);

Қалқонсимон без фаолиятидаги ўзгаришлар, сийдик қопи яллиғланиши, авитаминоз ҳам доғ юзага келтириши мумкин (пешона икки чаккаси, қўл кафти ёки оёқдаги доғ);

Қуёшда узоқ вақт тобланиш меланин синтезини фаоллаштиради. Бу эса асосан юзда доғ пайдо бўлишига олиб келади (ёноқ, бурун атрофидаги доғ, куракдаги майда сепкил);

Стресс ва асабийлик. Маълумотларга кўра асабий кишиларда доғ пайдо бўлиши кўпроқ кузатилади (бўйин соҳаси, қулоқ атрофида юзага келган доғлар);

Ташқи муҳит таъсири, иш фаолияти кимёвий моддалар билан боғлиқ бўлса, нотўғри танланган пардоз воситалари, ўринсиз бажарилган косметик муолажалар ҳам доғ тушишига олиб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...