Францияликларга заруратсиз уйдан чиқиш тақиқланди

0

COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли Франция қайта тиклаётган яккаланиш умумий режими доирасида аҳолининг фақат озиқ-овқат сотиб олиш учун, ишга бориш учун, тиббий ёки шошилинч оилавий вазиятлар юзасидангина ўз уйларидан чиқишга рухсат этилади. Бу ҳақда бош вазир Жан Кастекс маълум қилди.

Уйдан чиққан одамлар ўзи билан бунинг сабаби ёзилган ҳужжат олиб юриши керак, унинг ҳақиқийлигини полиция текширади.

Шу билан бирга, фуқаролар уйларидан 1 километрдан узоқ бўлмаган масофада бир соат очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади. Спорт билан жамоавий шуғулланиш тақиқланади.

Автомобиль устахоналари, супермаркетлар, кирхоналар, оптика ва дорихоналардан ташқари барча дўконлар ёпилади. Кафе ва ресторанлар хўрандаларни қабул қилмайди, лекин уйга олиб кетиш ва етказиб бериш учун ишлашда давом этади.

Мактаблар фаолиятини давом эттиради, аммо олти ёшдан катта барча ўқувчилар учун мажбурий ниқоб режими жорий этилади. Бунгача ушбу чора 11 ёшдан кичик болалар учун амал қилмасди. Ҳамма университетлар масофадан ўқиш форматига ўтади.

Чекловлар 30 октябрдан кучга киради ва камида 1 декабргача давом этади.

Аввалроқ карантин ҳақида мамлакат президенти Эммануэль Макрон эълон қилган эди. У оммавий тадбирлар бекор қилиниши, кўп сонли одамлар тўпланадиган жойлар, хусусан, бар ва ресторанлар ёпилиши, бунинг имконияти бўлган барча корхоналарда масофадан ишлаш формати жорий этилишини айтганди.

Франция меҳнат вазири Элизабет Борн «иқтисодий фаоллик кескин тушиб кетишининг олдини олиш» учун қўлдан келганча ҳаракат қилишга чақирди. Унинг айтишича, ҳукумат тез орада пандемия шароитида ишлаш шартлари келтирилган ҳужжатни чиқаради.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, 29 октябрь кечқурун ҳолатига кўра, Францияда COVID-19’га чалинганлар сони 1,280 миллион кишига етган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия ва Россиядан кейинги бешинчи ўринда турибди.

28 октябрь куни шунга ўхшаш чеклов чоралари ҳақида Германия ҳам маълум қилди. Улар 2 ноябрдан амал қилишни бошлайди.

«РБК»

loading...