«Гап йўқ» кўрсатуви орқали танилган актриса Каромат Исомова нега Жиззахга кўчиб кетган? Кетма-кет тўрт яқинидан айрилгач, актриса тушкунликка тушиб қолдими?..

0

Комик актриса Каромат Исомовани томошабинлар «Маслаҳат» ва «Гап йўқ» кўрсатувлари орқали яхши танийди. Сир эмаски, лойиҳа режиссёри Тўхтамурод Маҳкамов вафотидан сўнг кўрсатув рейтинги бироз пастлади. Жамоа аъзолари ҳам мустақил тарзда ижодларини давом эттирди. Каромат Исомова ҳам айни кунларда Жиззах вилоят қўғирчоқ театрида саҳналаштирувчи режиссёр лавозимида фаолият юритади. Журналист Наргиза Муродова актриса билан боғланиб, пойтахтдан кетиш сабаби билан қизиқди, деб ёзмоқда «Daryo.uz».

«Раҳбарият таклифини бажонидил қабул қилдим. Очиғини айтсам, вилоятдан келиб, пойтахтда қолишга интилаётган ижодкорларни унчалик тушунмайман. Қийналиб, бир неча йил ижара уйда яшашнинг нимаси яхши? Шахсан мени вилоятда ижара уй билан таъминлашди, ҳатто уйнинг коммунал тўловлари ҳам давлат томонидан амалга оширилади», — дейди актриса.

Суҳбат давомида актриса кетма-кет тўрт яқинидан айрилгани ва руҳий тушкунликка тушган дамларини хотирлади.

«Бошимга жуда оғир мусибатлар тушди. Кетма-кет тўрт яқинимни тупроққа қўйдим. Шу боис ҳам санъатда бироз танаффус қилишимга тўғри келди. Яқинлар айрилиғидан кейин ўзини қўлга олиш осон кечмас экан. Аввалига беш йил тўшакка михланган отамдан айрилдим, бир муддат ўтмай онамдан, ундан сўнг турмуш ўртоғим ва синглим бизни ташлаб кетишди. Баъзан одамлар: «Нега телевизорга чиқмаяпсиз, санъатни тарк этдингизми?» деб сўраб қолишса, ҳайрон бўламан. Ижодкор ўлгандагина санъатни тарк этиши мумкин. Телевизорга чиқмай қолса, уни санъатни тарк этди, деб ҳисоблаш ноўрин», — дея жавоб берди актриса.

Маълумот учун, Каромат Исомова А.Н.Островский номидаги Тошкент давлат театр-рассомлик институтининг қўғирчоқ театри актёрлиги факультетини тамомлаган. Магистрлик илмий ишини режиссёрлик бўйича ёқлаган. Бундан ташқари, аввал пойтахтдаги республика миллий қўғирчоқ театрида ва Фарғона қўғирчоқ театрида ҳам режиссёр сифатида фаолият юритган.

loading...