Никол Пашинян Қорабоғга Россия тинчликпарварлари киритилишини ёқлаб чиқди

0

Россиялик тинчликпарварларнинг киритилиши Тоғли Қорабоғдаги низонинг «оптимал ечими»га айланиши мумкин. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян The Daily Telegraph газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Мен Россия тинчликпарварлари низо ҳудудига киритилиши тарафдориман», — деди Пашинян.

Айни вақтда у Россия тинчликпарварларининг бу минтақага жойлаштирилишини низонинг барча томонлари маъқуллаши кераклигини қўшимча қилди.

Октябрь ўрталарида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон ва Озарбайжон вакиллари муҳокама қилган охирги келишувлар Тоғли Қорабоғга тинчликпарварларни киритишни ўз ичига олишини айтганди. Вазирнинг сўзларига кўра, улар «жанговар ҳаракатлар қайта бошланмаслигини» кафолатлаган бўлар эди.

Ўз навбатида Арманистон ташқи ишлар вазири Зохраб Мнацаканян тинчликпарварларни киритиш масаласини «ўта муҳим масалалардан бири» деб атади. Унинг айтишича, бу минтақада ўт очишни тўхтатиш режимини мустаҳкамлашга ва сақлашга ёрдам беради.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев дастлаб, 15 октябрда, Қорабоғга тинчликпарварларни киритиш ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтган бўлса, кейинроқ, 22 октябрда, Озарбайжон халқаро кузатувчилар киритилишини рад этмаслигини, аммо музокаралар чоғида бу масала жиддий муҳокама қилинмаганини айтганди.

Арманистон тинчликпарварларнинг, хусусан, улар россиялик бўлса ҳам Қорабоғ низосига аралашувига қарши эмаслиги ҳақида Арманистон бош вазири Никол Пашинян аввал ҳам маълум қилган эди.

«РБК»

loading...