Оғир касалликларни бошидан кечирган ўзбекистонлик машҳурлар (фото)

0

Журналист Наргиза Муродова оғир касалликларни бошдан кечирган ўзбекистонлик машҳурлар билан суҳбат уюштирди. Суҳбат матнини «Daryo.uz» эълон қилди.

 «Алвидо, инфаркт»

Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова 2013 йилда инфаркт хасталигига чалинган. Бир неча ойлик даволанишлардан сўнг у оёққа турган. Аммо ҳамон юқори қон босими ва юрак санчишлари уни қийнайди.

«Бунга эътибор бермайман, – дейди актриса кулиб. – Касаллик ҳақида ўйлашнинг ўзи ярим хасталик. Шу боис ҳаётдан завқ олиб, оилам ва мухлисларим учун ҳамиша гўзал кўринишга ҳаракат қиламан».

«Хотира йўқолишининг азоби»

Қизиқчи Валижон Шамсиев хотирасини бир неча кун йўқотгани ва кома ҳолатига тушганидан хабарингиз борми? Валижон Шамсиев «Ўғлон» фильмининг суратга олиш жараёнида бир неча метр баландликдан сакраётганда боши билан ерга тушган. Бу ижодкорга жуда қимматга тушиб, аввал Бухорода, ундан сўнг Тошкентда даволанган.

«Кўзимни очиб, ким эканлигимни эслолмаганман, уч ойда секин-аста хотирам тикланган», – дейди Валижон Шамсиев.

«Тос суяги синиши»

Хушовоз хонанда Аҳрор Усмонов 2016 йилнинг 22 июнь куни яқинлари билан тоққа дам олиш учун чиқиб кетаётганда мудҳиш аварияга учраган. Машинадагиларнинг бари жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Шифокорлар хонандага тос суягининг синиши ташхисини қўйишган.

«Авариядан сўнг уч ой каравотдан қўзғалишларига йўл қўймаганмиз. Чунки тос суяги инсон гавдасини тик тутишда муҳим аҳамиятга эга. Жароҳатнинг нотўғри битиши ҳам оғир оқибатларга олиб келади, – дейди хонанданинг турмуш ўртоғи Гулбаҳор Усмонова. – Уч ойдан сўнг оёққа туриб, юра бошлаган. Аммо бир йилга қадар эркин ҳаракатланишлари қийин кечганди».

«Ичак чириши»

«Киприклари узун қиз» дея катта саҳнага чиққан Азизбек Бекмуродов ҳам оғир дардни бошдан кечирган. 2016 йили тўсатдан тоби қочган хонандада ингичка ичак билан боғлиқ жиддий хасталик аниқланган.

«Ингичка ичагимнинг 2 метри чириш жараёнида экан, – дейди хонанда Азизбек Бекмуродов. – Томоғимдан овқат ҳам ўтмай қолди, ойлаб тўшакка михланганимни-ку тасвирлаб беролмайман».

Хонанда иккита жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган. Аммо жароҳат ичак билан боғлиқ бўлгани учун шифокорлар бир муддат қўшиқ куйламасликни тавсия қилишган.

«Қандли диабет»

Хушовоз хонанда Тоҳир Маҳкамов туғма қандли диабет хасталиги билан курашади. Хасталик бир неча йил аввал оёқларига ҳам ўз таъсирини ўтказганди.

«Дадам мунтазам дори ичиб, овқатланиш рационига амал қилади, – дейди хонанданинг ўғли Иброҳимжон. – Касаллигидан нолимаслиги кўпчиликни ҳайрон қолдиради».

«Заҳарланиш»

Хонанда Ойхон Эшонхонова ҳам оғир хасталикни бошдан ўтказган. У овқатдан заҳарланиш оқибатида узоқ вақт танасидаги токсинлар билан курашган. Ҳатто бир неча бор мураккаб жарроҳлик амалиётини ҳам бошдан кечирган.

«Иммунитетим ниҳоятда паст. Шу боис фарзандларим соғлиғимга жиддий эътибор беришади. Кундалик овқатланиш рационим ҳам ҳамиша эътиборда, – дейди хонанда. – Спорт билан мунтазам шуғулланаман ва табиий усулларда иммунитетимни кўтаришга ҳаракат қиламан. Чунки дори-дармондан чарчаганман».

loading...