СОЧ ЭКТИРИШДА НИМАЛАРГА АҲАМИЯТ ҚАРАТИШИ ЗАРУР? (1- қисм)

0

Ҳозирги кунда соч экиш — энг талабгир ва қиммат хизмат турига киради. Талабнинг кучайишига илгари сочнинг тўкилиши асосан қирқ ёшдан кейин кузатилган бўлса, бугунги кунга келиб, жараён тенг ярмига, яъни 20 ёшга ёшаргани ҳисобланади. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий текшириш маркази дерматовенеролог-трихологи Ҳожиакбар Нурматовга соч экиш амалиётига оид саволлар билан мурожаат қилдик.

 

— Соч экиш амалиёти Ўзбекистонга қачон кириб келган ва илк босқичларида инсонлар бу «янгилик»ни қандай қабул қилишган?

 

— Юртимизга илк бор соч ўтказиш операцияси 2014 йилда амалга оширилган. Соч ўтказиш соҳасида энг кучли мутахассислари бор Грузиянинг Тбилиси шаҳридаги “Соч мактаби”да шифокорларимиз ўқиб қайтишган. Бу амалиёт юртимизда энди ривожланиб, куртак очаётган вақтда айримлар амалиётга салбий муносабатда бўлган, айримлар эса, ишонмаган. Мижозларнинг сони секин-секин ортиб, натижа кўрингач ушбу муолажага бўлган муносабат ўзгарди ва ишонч ортди.

 

— Соч экиш жараёнининг неча хил кўриниши бор ва қандай босқичларда кечади?

 

— Соч экишнинг икки хил: жарроҳлик ва FUE усули мавжуд. Жарроҳлик усулида соч тери билан кесиб олиниб, графтлар битта-битта соч илдизларига ажратилиб, алоҳида жойлаштирилади. Соч олинган жой тикилади. Натижада чандиқ излари қолади. Бу сочлар 5-10 йилгача туради. Йиллар ўтгандан кейин бу соҳа ҳам ривожланиб соч экишнинг FUE усули қўлланила бошланди. FUE— бу чоксиз, кесмаган ҳолда трансплантантларни (графтларни) олиш ва киритишнинг микрожарроҳлик усули. 1-4 тукдан иборат соч гуруҳлари (фолликуллар) беморнинг энса соҳасидан ёки тананинг бошқа қисмларидан олинади. Жарроҳлик оғриқсиз ўтади. FUE усули бўйича операция ҳар доим умумий режа бўйича амалга оширилади. FUE усулининг ўзи уч босқичдан иборат.

 

Биринчи босқичда махсус микрожарроҳлик асбоби (панч) билан соч фолликулларини қазиб олиш, чиқариш ва ишлов бериш жараёни амалга оширилади.
Иккинчи босқичда соч кўчирилаётган соҳа махсус асбобда тешилади.
Учинчи босқичда яратилган каналларга трансплантантларни доналаб киритиш амалга оширилади.

 

— Соч экиш амалиётини ўтказганларга нималар мумкинмас ва улар одатий ювиш ва қуритишда давом этадими?

— Бошланғич 7-10 кун давомида жисмоний ва асабий зўриқишдан бемор тийилиши керак. Спорт залларига чиқиш таъқиқланади. Соч ўрнашиб, яхши жойлашиб олгунча бизнинг тавсияларимизга амал қилади. Ювиш масаласига келсак, ортиқча кимёвий моддалар қўшилмаган болалар шампунида ювиб туриш тавсия этилади. Орадан бир ой ўтгандан кейин истаган шампунидан бемалол фойдаланади.

 

— Соч эктираётган мижознинг орқа сочлари ҳам сийрак бўлса қандай йўл тутилади? Соч донорлари ҳам борми?

 

— Бизга мурожаат қилган мижозларнинг донорлик қисмида ҳам соч сийрак бўлса, соқол ва кўкрак қафаси соҳасидан тук олиб ўтказамиз. Беморнинг энг яқин инсонлари ҳам донор бўлолмайди ва бемор ҳам ўзи ҳеч кимга донор бўла олмайди. Соч бошқа организмда ривожланиб кетмайди. Айни пайтда Италиядан Biofibre деб номланган соч экиш аппаратини олиб келганмиз. У аёлларнинг соч билан боғлиқ муаммоларини ечади. Ушбу воситанинг яхши томони шундаки сунъий сочларни ҳам муваффақиятли экади. Бу сочлар ҳам тўкилиб кетмайди ва унга исталган ишловни берса бўлади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

loading...