Ўзбекистонлик шифокор Россияда Замонамиз қаҳрамони дея эътироф этилди

0

2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” қонунга мувофиқ мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами куни сифатида ҳар йили тантанали нишонланиб келинади.

Жорий йилда бу сана 8 ноябрга тўғри келмоқда. Ана шу байрам арафасида шифокор ҳамюртларимиздан бири эришган муваффақият ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Полевской марказий шаҳар шифохонасининг шифокор анестезиолог-реаниматологи Ринат Абдуллаев пандемия бошлангандан бери коронавирусга чалинган беморлар ҳаёти учун курашиб келмоқда. Унинг жонбозлиги Россия оммавий ахборот воситаларида алоҳида эътироф этилди.

Ринат Абдуллаев Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида дунёга келган. Аслида у фуқаро авиацияси учувчиси бўлишни орзу қилган, бироқ учувчилар билим юртига ўқишга кириш насиб этмагач, Оқтўба давлат тиббиёт институти талабасига айланган.

— Тиббиёт соҳасини танлашни менга қариндошим маслаҳат берган. Одамларни даволаш савоб иш, устига-устак, қизиқарли соҳа деб ўйладим ва унинг маслаҳатига амал қилдим. Ота-онам ҳам шифокор бўлишимни хоҳлашган, — дейди Ринат Ибрагимович. — Институтга медал соҳиби сифатида фақат битта — кимё фанидан имтиҳонни аълога топшириб кирганман. Олти йил таҳсил олиб, жарроҳлик дипломини олдим.

Ринат Абдуллаев тиббиёт институтида ўқигач, 1995 йил Шимолий Қозоғистон, Ориқбалиқ қишлоғида меҳнат фаолиятини бошлайди. Ўша пайтларда марказий туман шифохонасида шифокор етишмаган, икки йил мобайнида жарроҳ ҳам бўлмаган. Шу боис ёш дўхтир нафақат операциялар, балки туғуруқларни қабул қилиш, урологик ва травматологик муолажаларни ҳам олиб борган. Баъзида электр узилишлари сабаб операцияларни керосинли чироқлар остида бажаришга мажбур бўлган.

— Қишда кўпинча чироқ бўлмасди. Баъзан дизель ишламай қоларди, шунда беш-олтита керосинли чироқни ёқиб, уларнинг ёруғлиги остида операция ўтказардик. Бу мен учун жуда катта ҳаёт мактаби бўлди, кўп нарсаларни ўргандим, — дея эслайди доктор. — Тиббиёт институтида бизга профессорларимиз шундай дейишарди: «Болалар, катта шаҳарларда қолишга ҳаракат қилманглар, яхшиси, туман шифохоналарига ишлашга боринглар — шунда кўп нарсаларни ўрганасизлар». Менда худди шундай бўлди. У пайтларда пулдан қийналардик, икки йиллаб маош олмаганман. Тўғри, шифохона турар жой билан таъминлаган.

Икки йил давлатга ишлаб бергач ватандош шифокоримиз жонажон юрти — Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган ва бу ерда тиббий фаолиятини давом эттирган. Жарроҳ бўлиб ишлаган пайтларида эса шифокор анестезиолог-реаниматологликка қайтадан ўқиди.

— Янги ихтисосликни эгаллашимни устозим, олий тоифали шифокор анестезиолог-реаниматолог Олим Анварович Акрамов маслаҳат берган: «Ринат, бу соҳада мутахассислар етишмаяпти, қайтадан ўқиб олсангиз, афсусланмайсиз». Мен буни икки-уч ой ўйлаб юрдим ва шу қарорга келдим. Қайта тайёрлаш Тошкент врачлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўтди. 1997 йилдан бери анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлаб келяпман ва бундан бирор марта ҳам афсусланмаганман. Реаниматолог иши — бу, аввало, катта ҳажмдаги маълумот, билим дегани. Агар уларга эга бўлсангиз, бемор ҳаёти сизнинг қўлингизда бўлади. Бунда ҳам юракни, ҳам ўпкани назорат қилиш, эндокринологияни яхши тушуниш керак. Айнан шулар туфайли реанимация мени ўзига жалб қилди. Кўпчилик жарроҳлик биринчи ўринда, реанимация унинг соясида қолиб кетади, дейишади. Лекин бирорта жарроҳ ўз ишини шифокор анестезиолог-реаниматологсиз бажармайди. Тез қарор қабул қилиш керак, юракни ишга тушириб, мия фаолиятини тиклаш учун уч-тўрт дақиқангиз бўлади. Шу қисқа фурсат ичида вазиятни таҳлил қилиб, беморнинг ўзини ёмон ҳис қилиш сабабини аниқлашингиз ва уни ҳаётга қайтаришингиз зарур.

2017 йилда Ринат Ибрагимович меҳнат фаолиятини Россияда давом эттиришга аҳд қилади. Унга турмуш ўртоғи ва тўрт нафар фарзанди ҳамроҳ бўлишади. Шифокор учун беморнинг бегонаси йўқ деганларидек, Ринат Ибрагимович 2018 йилдан бери Полевской марказий шаҳар шифохонасида фаолият юритмоқда. Жарроҳлик реанимациясида ишлаётган ватандошимиз пандемия бошлангач, Полевской марказий шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўлими реанимациясига ўтказилди.

— Шу йил март ойида таътилга чиқдим, пандемия энди зўрая бошлаган эди. Дам олишим тугашига икки-уч кун қолганда раҳбарият шифокорлар жамоасини кучайтириш мақсадида мени жарроҳлик бўлимидан юқумли касалликлар бўлимига ўтказмоқчи бўлишаётганини айтишди. Дарров рози бўлдим. 1 апрель куни ишга чиқдим. Ўшандан бери шу ердаман, — деди шифокор. — Бўлимдаги коронавирус ва пневмония беморларининг аксарияти 60 ёшдан ошган кишилар. Уларнинг кўпчилигида ҳамроҳ касалликлари бор, шу боис дард оғир кечади. Устига-устак, аксариятида қўрқув ҳам бор, айримлари ваҳима қилишади, умидсизликка тушишади… Бундай беморларга бир гапни доимий такрорлайман: «Биз учтамиз: Мен — шифокор, сиз — бемор ва касаллик. Агар қўрқсангиз, тушкунликка тушсангиз — касаллик сизни ўз томонига оғдириб олади ва мен ёлғиз қоламан, бир ўзим уддалай олмайман. Одатда сўзларим таъсир қилади, беморлар юзида табассум, тузалишга бўлган умид ва хоҳишни кўраман. Ҳар қандай касалликда бу жиҳатлар жуда муҳим. Шуни таъкидлашни истардимки, шифокорлар ушбу хасталикни ҳамширалар ва санитаркаларсиз енга олишмасди. Айнан улар кечаю кундуз беморлар ёнида бўлишади, зиммасида катта масъулият бор. Ана шулар ҳақиқий қаҳрамонлар, уларсиз биз, шифокорлар, ҳеч нима қилолмасдик. Уларга раҳмат, чуқур таъзимдаман.

Екатерина Батенькова, болалик ва акушерлик бўйича бош шифокор ўринбосари (3-сонли стационар куратори):

— Ринат Ибрагимович бизда яқинда иш бошлади, бироқ шу фурсат ичида унинг касбий маҳоратини баҳолашга улгурдик. Бу доктор-реаниматолог болалар билан ҳам, катталар билан ҳам бирдек ишлай олади, беморлар қариндошларининг кўнглини олишни яхши билади. «Қизил ҳудуд»га қадар Полевской марказий шаҳар шифохонасининг биратўла иккита майдончасида ишлади: Сталеваров, 3 ҳамда Декабристов, 24.

Татьяна Никулина, юқумли касалликлар бўлим бошлиғи:

— Ринат Ибрагимович айни муҳим паллада, бор-йўғи иккита шифокор-реаниматологимиз борлигида сафимизга келиб қўшилди ва ўша онлардаёқ унинг яхши шифокор эканлиги сезилди. Ҳамкасблар ва беморларга хушмуомала, виждонли, интизомли. Унинг навбатчилигида ишлаш осон.

Наталья Федорищева, 3-сонли стационар баклабораторияси шифокор-микробиологи:

— Ринат Ибрагимович — инсофли, ўз ишини яхши кўрадиган мутахассис. Тартибли, қатъий, ҳамкасблар орасида ўз обрўсига эга инсон.

Xabar.uz

loading...