ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

0

Муҳтарам тиббиёт ходимлари!

 

Дунёда инсон саломатлиги учун масъул бўлган, улар умрининг бардавом бўлиши учун жон куйдиришга тайёр Сиз азиз ҳамкасбларни Тиббиёт ходимлари куни билан табриклашдан беҳад мамнунман.

 

Ҳурматли ҳамкасблар!

Биз шу кунларда миллий тиббиёт тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар бошлаш арафасида турибмиз. Бу ўзгаришлар янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузига ижобий таъсир этиши шубҳасиз.

 

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, соғлиқни сақлаш тизими давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, аҳоли тизимдаги ўзгаришларга қараб давлатнинг фаолиятига баҳо беради. Шунинг учун ҳам бу синовли кунларда тиббиёт ходимлари қасамёдларига содиқ қолган ҳолда, кучли фуқаролик позициясини намоён этиб, миллат соғлиги йўлида ҳалоллик билан меҳнат қилишлари ҳар қачонгидан муҳимдир.

 

Бутун дунё коронавирус билан курашаётган айни кунларда мамлакатимизда касалликка қарши олдинги сафларда турган тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга жиддий аҳамият берилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг ўзида коронавирусга қарши курашда фидойилик кўрсатгани учун мукофотланган 300 нафардан ортиқ мутахассисларнинг ҳам аксарияти соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари эканлиги эътиборга лойиқ. Энди бизнинг олдимизда билдирилган ана шу ишончни оқлаш вазифаси турибди.

 

Соғлиқни сақлаш тизимида қилинган ислоҳотлар қисқа даврда ўз натижаларини бераётганига гувоҳмиз.
Масалан, сўнгги 4 йилда 1700 дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бу даврда аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, травматалогия ва ортопедия ҳамда нейрохирургия каби қатор йўналишларда илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолияти ташкил этилиши ҳисобига аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказлар сони 18 тага етди.

 

Шуниси қувонарлики, келгуси 2021 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига 16,6 триллион сўм йўналтирилиши мўлжалланаётгани ҳам давлатимизнинг соҳага эътибори ҳар қачонгидан юқори эканига далил бўла олади. Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун ҳам 3 триллион сўмдан зиёд маблағ берилиши режалаштирилган.

 

Шу йил 6 ноябрь куни Президентимиз бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишининг ҳам асосий мавзуларидан бири тиббиёт ходимларига муносиб шароитлар яратиб бериш бўлгани соҳада меҳнат қилаётган барча мутахассисларни қувонтирганига шубҳа йўқ.
Ушбу тарихий анжуманда мажбурий тиббий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини самарали йўлга қўйиш, тиббий таълим ва илм-фанни юқори босқичга кўтариш сингари жуда муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилди.

 

Қадрли тиббиёт ходимлари, азиз ҳамкасблар!

 

Беморларни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр билан дарддан фориғ этишга, малҳам бўлишга шошилган сиздек жонкуяр инсонлар учун мана шундай эъзозу эҳтиромлар ярашади. Бугун ҳеч иккиланмай айта оламизки, Ўзбекистонимизда янги армия — тиббиёт армияси коронавирусга қарши мардона курашмоқда. Рақиб ҳар қанча айёр ва хавфли бўлмасин, биз ўз тажрибамиз, билимимиз, бор имкониятларимизни кўринмас душманни енгиш учун сарф этаётганимизни барча кўриб турибди.
Шундай шарафли ва айни пайтда машаққатли меҳнатларингизда улкан зафарлар, ўзларингизга ҳам мустаҳкам соғлиқ, оилаларингиздан ҳаловат аримаслигини тилайман.

 

Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг, азиз, тиббиёт ходимлари! Яна бир бор касб байрамингиз муборак бўлсин.

Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш вазири.

loading...