Рахит касаллиги нега куз ва қишда туғилган болаларда кўп учрайди?

0

Куз-қиш мавсумида туғилган болалар кўп ҳолатларда «Витамин Д» етишмовчилиги (Рахит) билан оғрийди. Ушбу касалликнинг белгилари, даволаш усуллари ҳақида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов сўзлаб берди.

— Д витамини етишмовчилиги қандай касаллик?

— Д витамини етишмовчилиги яъни Рахит хасталиги бир умрлик асоратларни қолдирувчи факат кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касалликдир. У бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида келиб чикади. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг усиши, ва мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур булади. Д витамини эса, кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо туқималарига етиб боришини бошқаради.

Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига булган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса, ўз навбатида рахит ҳасталигини келтириб чиқаради. Кўпинча ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби бу фаслларда туғилган бола учун куёш нури етарли булмайди.

— Рахит касаллигидан сақланиш учун нима қилиш керак?

— Албатта, қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ хавода сайр қилиш бола учун жуда фойдали. Сайрга кунинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00 дан 11:00 гачадир. Ёз кунлари кечки 18:00 дан кейин ҳисобланади. Очиқ ҳаводаги сайр болани чиниктириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чикарилишини кучайтиради. Ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳимдир.

Шунингдек, болага Д витаминига бой озиқ-овқатлар: мол гушти, айникса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини бериш ҳам унинг рахит касаллигига чалинмаслигини таъминлайди. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой маҳсулотлар кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут махсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кук пиёзларни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.

— Қандай белгилар намоён бўлади?

— Рахитга чалинган болалар кўп безовта бўлади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Чироқ ёқилиши, қулоққа чалинган кутилмаган товушдан доим чўчиб тушадиган бўлиб қолади.

Бундай ҳолатларда тезда шифокорга мурожат қилиш зарур. Касалликни боланинг гавда тузилишидаги номутаносибликлардан ҳам аниқлаш мумкин.

— Касалликни даволаш усуллари қандай?

— Агар болада Рахит касаллиги белгиларини сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак . Чунки ушбу ҳасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Агар бошланғич ҳолати бўлса Д витамини дорилари ва бошқа калцийни кўпайтирувчи воситаларни истеъмол қилишнинг ўзи етарли бўлади. Аммо касалликнинг зўрайишининг олдини олиш учун бир неча чораларни ҳам кўриш мумкин. Ҳусусан, зарур бўлган ҳолларда шифокорнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантриш амалиётлари ўтказилади. Даво чоралари ва маҳсус дори-дармонлар фақатгина мутахассис тавсияси билан истеъмол қилиш мумкин.

— Вақтида даво чоралари кўрилмаса қандай оғир оқибатларга олиб келади?

— Бу касалликка чалинган болаларнинг иммунитети тушиб кетади оқибатда юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади. Шунингдек, Рахит кам қонлик, суяклар юмшаши бўғимлар, мушаклар бўшаши, тишлар кеч ва бир текис чиқмаслигига олиб келади. Унинг оғир асоратлари боланинг анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмаслиги кузатилади.

Бундан ташқари вақтида даво чоралари курилмаса бола вазнининг ортиб бориши натижасида суяклари қийшаяди. Бошининг пешона қисми олдинга, энса қисми эса, орқага туртиб чикади, умуртка поғонаси букчайиб қолади, кукрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади, оёқ “Х” ёки “О” шаклида қийшаяди, болаларда ясси оёклик ривожланиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...