«Ўзимизникиларнинг ризқини қирқиш қанчалик тўғри?». Олий Мажлис депутати 900 га яқин бангладешлик меҳнат мигрантининг Ўзбекистонга олиб келиниши ҳақида

1

Бангладешдан қарийб 900 нафар меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга олиб келинади. Уларни Қаршидаги инжиниринг компанияси ёллаган. Аммо айнан компания номи келтирилмаган. Бу ҳақда Бангладешнинг Daily Star нашри маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, бангладешлик 239 нафар ишчини олиб келган биринчи самолёт Ўзбекистонга қўнган. Юқори малакали ишчиларнинг қолган қисми яқин вақт ичида иккита рейс билан етиб келади.

«Бангладеш меҳнат бозорини таҳлил қилаётган мутахассислар Ўзбекистонни ушбу мамлакат фуқароларини иш билан таъминлаш учун яхши имконият, деб баҳолашмоқда. Бангладеш ҳукумати учун ҳозирги кунда янги меҳнат бозорларини излаб топиш ўта муҳимдир. Чунки турли сабабларга кўра Форс кўрфази мамлакатларида хорижий ишчиларга бўлган талаб сезиларли даражада камайган», — дейилади хабарда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиев пандемия натижасида Ўзбекистонда ишсизлар сони ортгани, аҳоли даромадлари тушиб кетани, Россиядан қайтган ўзбек мигрантлари иш топишга қийналиб юрган бир пайтда бангладешликларни мамлакатга олиб келинаётганидан қанчалик тўғри эканлигини маълум қилган.

«Россиядан қайтган қоракўз мигрантларимиз иш топишга қийналиб юрган бир пайтда шунча бангладешликларнинг Ўзбекистонга келиб, ўзимизникиларнинг ризқини қирқиш қанчалик тўғри бўларкан?..

Наҳот ташриф буюрадиган бангладешликларнинг барчаси юқори малакали ноёб мутахассислар бўлиб, бизнинг мутахассисларимиз улар бажара оладиган юмушни эплай олишмаса? Айниқса, ҳозирги мураккаб пайтда Ўзбекистондаги протексионизм фақатгина айрим монопол корхоналар учунгина эмас, оддий халқ учун фойда келтириб хизмат қилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу масалага алоҳида эътибор қаратишса ўринли бўларди», — дейди Нодир Тилаволдиев.

«Агар Қашқадарёда амалга оширилаётган лойиҳага ўзимизникилар қолиб, Бангладешдан оддий ишчилар олиб келингани рост бўлса, бу учига чиққан инсофсизлик ва очкўзликдир. Шундоқ ҳам давлат кафолати остида жалб қилинган кредитлар (яъни солиқ тўловчи пулидан қопланадиган) асосида амалга оширилаётган, қандайдир номаълум хориж ширкатларига (катта эҳтимол билан тендерсиз) мавҳум шартларда бир неча миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи берилган ҳолатда наҳот бугунги оғир пандемия шароитини инобатга олиб ўзимизнинг 1000 та қоракўзга бироз юқори ҳақ тўлаш ва яхшироқ шароит яратиб бериш қийин бўлса?», — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Дониёр Ғаниев.

Daryo.uz

loading...

1 ТА ФИКР

  1. ЎЗимизни ризқимизни ўйласа шу ишни қилармиди, пйдаси йўқ куйип гапирганни

Comments are closed.