ОНИХОКРИПТОЗ — ТИРНОҚЛАРНИНГ ЭТ ИЧИГА ЎСИШИ ХАСТАЛИГИ

0

Тирноқлар билан боғлиқ хасталиклардан энг кўп тарқалгани тирноқларнинг эт ичига ўсиши (Онихокриптоз) ҳисобланади. Айниқса, замонавий оёқ кийимларнинг учли, тор шаклда тайёрланаётгани бу хасталикнинг оммалашиб кетишига сабаб бўлмоқда. Хўш, бунинг вужудга келиш сабаблари нимада? Уни даволашнинг қандай усуллари бор? Шу ҳақда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов ўз фикрларини билдириб ўтди.

–Тирноқлар қандай ҳолларда эт ичига қараб ўсади?

Тирноқни нотўғри олиш ва сифатсиз педикьюр ҳам унинг эт ичига ўсишига сабаб бўлади. Айниқса, бу хасталик тор, учли оёқ кийимлар кийишдан келиб чиқади. Шунингдек, оёқ кийим кишининг оёғига катта ёки кичик бўлса ҳам ушбу хасталикка сабаб бўлиши мумкин. Кўпчилик катта оёқ кийимнинг зарари йўқ деб ўйлайди, аммо оёқга мос бўлмаган туфлилар ҳам касаллик келтириб чиқариши мумкин.

Наслдан-наслга ўтадиган мойиллик, оёқ бармоқлари шаклининг ўзгариши (орттирилган ёки туғма маймоқлик ҳамда яссиоёқлик), замбуруғли оёқ касалликлари, оёқ бармоқларининг шикастланиши, оёқ бармоғи атрофидаги турли яра-чақалар, оёқда қон айланишининг бузилиши каби ҳолатлар касаллик келиб чиқишига замин яратади.

Тирноқ пластинкасининг бармоқ этига қараб ўсиши Онихокриптоз деб номланади. Ўсган тирноқ терини шикастлаши натижасида юмшоқ тўқималарда яллиғланиш кузатилади. Кейинчалик қизариш, бармоқ шиши ҳамда сезиларли оғриқ билан давом этади. Шунингдек, тирноқнинг ҳар икки томондаги этга қараб ўсиши ҳам ушбу турдаги хасталиклар сирасидандир. Энг ёмони, онихокриптозга нисбатан бепарво бўлинса, яллиғланиш зўрайиб, тирноқ атрофидаги терида йиринг пайдо бўлиши мумкин.

–Онихокриптоз қандай даволанади?

Тирноқ этга қараб ўса бошлаганида, оғриқ кучли бўлмаган пайт ҳам ихчам пойабзални кенгроғига алмаштириш ва имкон қадар ялангоёқ юриш тавсия этилади. Йиринг йиғилиши ва яллиғланиш авжига чиқа бошлашидан аввал мутахассис маслаҳатини олиш лозим.

Тери яллиғланиб йиринг ҳосил қилган бўлса, аввало у яхшилаб тозаланади. Инфекцияга қарши турли маз ва лаклар тавсия этилади. Тирноқнинг ёнлари эҳтиётлик билан олиниб, йиринг кетгандан сўнг махсус тамб қўйилади. У тирноқнинг яна ўз ҳолига қайтишига ёрдам беради. Ҳар ўн беш кунда тамб алмаштирилади. Жараён токи тирноқ тўғри ўсадиган бўлгунча давом этади.

Лазер муолажаси этга ўсган тирноқни даволашдаги энг самарали ва кам оғриқ берадиган усул. Бу усулда тирноқнинг этга ўсган қисми ҳамда ўсадиган қирралари лазер нури билан куйдирилади. Тирноқни олиш билан бирга яллиғланиш ўчоғи ҳам бартараф этилади. Бу муолажадан сўнг тирноқнинг этга қараб ўсиши муаммосидан бутунлай қутулиш мумкин. Бироқ бир қанча салбий тарафларини ҳам санаб ўтиш лозим: шикастланган тирноқ атрофининг куйиши, жароҳат секин битиши ва узоқ давом этадиган тикланиш жараёнига сабаб бўлади.

–Қандай вазиятда жароҳлик амалиёти ўтказилади?

Энг оғир даражага ўтганда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Жарроҳлик усулида даволаш Шифокор маҳаллий оғриқсизлантириш усулида тирноқнинг этга қараб ўсган қисмини жарроҳлик йўли билан олиб ташлайди. Шундан сўнг теридаги шикастланиш ва юмшоқ тўқималар яллиғланиши оз бўлса-да, камаяди. Бир неча ойдан сўнг тирноқ яна ўз шаклига қайтади.
Қайд этиш лозим Кўп касалликлар инсонинг эътиборсизлиги туфайли келиб чиқади. Ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилмаслик эса, уларнинг зўрайиб кетишига сабаб бўлади. Шу боис доимо саломатлигимиз ҳақида қайғуришимиз ҳамда жисмоний ҳолатимиздаги ўзгаришларга беэътибор бўлмаслигимиз керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...