ҚАЙСИ КАСАЛЛИК АСОРАТЛАРИ ОНКОЛОГИК ХАСТАЛИКЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ? (2-қисм).

0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош онкологи, тиббиёт фанлари номзоди Тожиддин МУСТАФОЕВ билан суҳбат қилдик .

— Болаларда учрайдиган аденоид касаллиги ҳақида маълумот берсангиз? Унинг асоратлари онкологик касалликка олиб келиши мумкинми?

— Аденоидлар – бу бурун-ҳалқум йўли лимфоид тўқимаси муртакларининг яллиғланиш натижасида катталашиши. Кўпинча 12 ёшгача болаларда учрайди. Тез-тез шамоллаш, нафас олиш ва эшитиш қийинлашиши, хуррак отиш, бош оғриқлари ва бошқалар бу касалликнинг аломатлари ҳисобланади.

Бугунги кунда тиббиётимиз бу касалликни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш бўйича катта имкониятларга эга. Бу касаллик, агар аденоид деб тўғри ташхис қўйилган бўлса ва ўз вақтида даволанса у саратонга айланмайди.

— Остеоген саркоманинг илк белгилари маълумот берсангиз.

— Остеоген саркома болаларда энг кўп учрайдиган суяк тўқимасида ривожланадиган хавфли ўсма касаллигидир. Бу касалликнинг илк белгилари зарарланган соҳада шиш пайдо бўлиши, тунлари кучли оғриқ, пайпасланувчи ҳосиланинг пайдо бўлиши билан кечади. Касаллик рентгенологик ва марфологик усулда текширилади.

— Болалар онкологиясининг бугунги энг муҳим ютуқлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Бугун Ўзбекистонда болалар онкологик касалликларига аниқ, тез ташхис қўйиш имкониятлари юқори. Бу борада ўсма маркерлари билан ишлаш, иммуногистохимик таҳлиллар замонавий стандартлар асосида ўтказилади. Бундан ташқари, МСКТ, МРТ, ПЭТ, рақамли рентген, допплер каби замонавий тиббий технологиялар тиббиёт амалиётига чуқур кириб келиши касалликка эрта босқичларда аниқ ташхис қўйиш имкониятини кенгайтирмоқда. Табиийки, саратон қанча эрта аниқланса, беморларнинг саломатлигини асраш имконияти ҳам шунча юқори бўлади.

Болалар онкологиясида бугун бир қатор янги замонавий жарроҳлик амалиётлари ҳам самарали қўлланилаяпти. Булар таянч ҳаракат тизими ўсмаларида суяк аутопластика операциялари, суяк кўчириб ўтказиш амалиётлари, йирик бўғимларни эндопротезлаш операциялари, буйрак, қорин парда ости соҳаси, кичик чаноқ бўшлиғи ўсмаларида ҳам янгича операция усуллари муваффақиятли қўлланилаяпти. Албатта, тиббиётимизнинг бундай илғор ютуқлари беморлар соғлиғини тиклашда муайян ютуқларга замин бўлмоқда.

Бироқ, ҳар қандай касаллик каби болаларда учрайдиган хавфли ўсма касаллигини ҳам даволашдан олдини олиш осонроқ. Бунинг учун эса оилаларда тиббий маданиятнинг юқори бўлиши муҳим омил саналади. Ишонаманки, тиббиётимизнинг бирламчи бўғинида иш олиб бораётган патронаж ҳамшираларимиз бу борада тиббиётимиз олдида турган муҳим вазифаларни бажаришда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, тиббиёт ривожи ва халқимиз саломатлигини яхшилашга муносиб улуш қўшадилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...