Раҳбар ва ходимларнинг семизлик даражаси, вазн индексини онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилади

0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбирда «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш кўзда тутилгани таъкидланди.

Республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди.

Ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танлови ташкил этилади. 2021 йилда 50 та спорт зали, 48 та спорт иншооти қурилиб фойданишга топширилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фанини барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитиш ташкил этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш бўйича баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилади.

2021 йил 1 сентябрга қадар республика ҳудудларида экспедиция ташкил қилган ҳолда миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари тарихини ўрганиш асосида «Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси»ни тайёрланади ва чоп этилади.

«Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 3 ноябрдаги Президент қарорига кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лабораторияси негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилади.

2020 йил 1 декабрдан бошлаб Университет республикадаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади.

Университет ҳузурида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритадиган Республика илмий-услубий кенгаши ташкил этилади.

2021 йилдан бошлаб ҳар йили жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга ва соҳадаги муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳалар танловлари мунтазам ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа олий таълим муассасаларида спорт тиббиёти, фармакологияси, реабилитологияси, психологияси ва диетологияси мутахассисликлари йўлга қўйилади.

2020 йилнинг якунига қадар спорт-таълим муассасалари ҳамда спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) учун босма нашрларни чоп этиш мақсадида Университетда «Жисмоний тарбия ва спорт» нашриёти ва босмахона фаолияти йўлга қўйилади.

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here