Россия ўрмонидан топилган «Маугли» лақабли ўзбек боласи ҳақиқий отасини топди ва унга «метрка» берилди

0

Сўнгги маълумотларга кўра, Москва вилоятидаги Балашиха ўрмонидан топилган Маугли лақабли болага туғилган тўғрисидаги гувоҳнома берилган. Бу ҳақда ушбу ҳудуддаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Ксения Мишонова 18 ноябрь куни ўз Инстаграмида хабар берган.

«Кун яхши янгилик билан якунига етяпти. Балашиха ўрмонида яшаган Амал исмли болакайимиз бугун иккинчи марта отасини топди. Болада ҳужжатлар бўлмагани учун, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасига отасини қайд этиш учун суд қарорини кутиш керак эди. ДНК таҳлили, ҳужжатларни йиғиш ва қайта тиклаш, мажбурий айрилиқ ортда қолди. Олдинда узоқ ва бахтли ҳаёт турибди дея умид қиламиз. Энди ҳаммаси яхши бўлади», — деб ёзади омбудсман.

Гап шундаки, суд «маугли» билан бирга яшаётган одамни унинг ҳақиқий отаси эканлигини тасдиқлаган. Мазкур қарор ДНК-тест асосида тасдиқланди ва бунинг учун зарур ҳужжатлар тўпланди. Хайрли ишга Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам ҳисса қўшди. Тез орада эркак кишига ватанга қайтиш тўғрисида сертификат берилиши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, саккиз ёшда деб тахмин қилинаётган бола болалар майдончасида тенгдошлари билан ўйнаш мақсадида борган вақтида кўринган эди. Шундан сўнг у уйсизлар ёнидаги ўрмон кулбасида отаси билан яшаши аниқланганди.

 

loading...