Хитойда ҳам бизнес сиқувга олинмоқдами? Ёки коррупцияга қарши янги ойболта

0

Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг мамлакатдаги магнатлар билан алоқалари ҳамиша ҳам силлиқ кечмаган. 2013 йилда ХХР раислигига сайлангач, унга фирибгарлик гуллаб-яшнаган, бир-бирига чирмашиб кетган бошқарув ва бўйнигача қарзга ботган корпоратив тизим мерос бўлиб қолди.

Шу боис жаноб Си коррупцияга қарши мисли кўрилмаган кампанияни бошлади. Биринчи навбатда ушбу ботқоққа ботиб кетган давлат амалдорлари нишонга олинди. Муросасиз кураш қисқа вақтда ўз самарасини берди.

Раис бу билан чекланиб қолмай, иккинчи қатъий қадамни ташлади. Бу сафар қалтис хориж инвестицияларига улкан маблағлар йўналтирган бизнесменлар гуруҳига қармоқ ташланди.

Натижада бир пайтлари ўзларидан чинлик Уоррен Баффет ясаб олган бойлар бугун қамоқда ўтирибди. Масалан, бошқа активлари қатори “Waldorf”’ни ҳам сотиб олган “Anbang” (суғурта, банк ва молия хизматларини кўрсатиб келадиган Хитойдаги йирик холдинг) раиси У Сяохуэй 2018 йилда молиявий жиноятлар учун 18 йилга қамалиб кетди.

Россиянинг “Роснефть” нефть қазиб чиқариш компаниясидан 9 млрд доллар эвазига улуш сотиб олишга уринган яна бир бизнесмен Е Цзяньмин ҳам 2018 йил бошида ҳибсга олинган эди. У қаерда эканлиги ҳамон номаълум.

Хитой сиёсий элитаси учун узоқ йиллар брокерлик қилган, қачонлардир “Баошан” банки назорати остида бўлган Сяо Цзяньхуа эса 2017 йилда Гонконгдаги квартирасидан хитойлик агентлар томонидан ўғирлаб кетилганди.

Мазкур воқеалар фонида Цзинпин раҳбарлигида “партия қурилиши” номи остида стратегия ишлаб чиқилди. Унда компанияларга ўзларида партия қўмиталари ташкил этиш таклиф қилинди. Қўмиталарга эса корпоратив қарорлар ҳукумат қарорига тўғри келиш-келмаслигини ҳал қилиш ваколати берилди.

Буни қарангки, бугунги кунгача хусусий компанияларда бундай қўмиталар сони унча кўп эмас экан. ХХРда фаолият юритадиган ва биржада ўз баҳосига эга 1378 та фирма ўртасида ўтказилган сўровга кўра, хусусий назорат остидаги 61 фоиз компаниядан фақат 11,5 фоизигина уставига партия қурилиши ҳақидаги моддани киритган. Давлат компанияларида бу кўрсаткич 90 фоизга тенг.

Сўнгги воқеалар мазкур ҳолатдан Раиснинг жаҳли чиққанини кўрсатмоқда.

Чунки Си хусусий секторни ҳам “партия атрофида бирлашиш”га қатъий чақирган. Ҳатто Коммунистик партия томонидан назорат қилинадиган Бутунхитой саноати ва савдоси федерациясидек қудратли ташкилот томонидан шу бўйича батафсил талаблар рўйхати ҳам эълон қилинган.

Унга кўра, хусусий гуруҳлар партия ва назорат бўлимлари бошчилигида кадрлар бўлимларини тузишлари керак. Бу эса партияга компаниялар раҳбарлари устидан аудит ўтказиш имкониятини тақдим этиши лозим.

Хитойча бизнесга хитойча ёндашув шу бўлса керак-да. Балки коррупциянинг илдизини қирқиш учун яна бир ойболта сифатида қабул қилиш керакдир буни. Билмадим…

@platformauzb

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here