Қўқонда босқинчилик ва қотиллик қилганлардан бирига умрбод қамоқ жазоси тайинланди

0

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан Қўқон шаҳрида ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, эр-хотинни ваҳшийларча ўлдирган уч нафар шахсга суд ҳукми ўқилди.

 

Панжара ортида ўтирган судланувчилар айнан навқирон ёшда, ҳатто улардан бири уйланмаган. Шундай даврда мудҳиш жиноятга қўл уриб, ота-оналари ва яқинларининг орзу-умидларини саробга айлантиришди. Бу воқеа Қўқонда шов-шув бўлиб, кўпчиликни ғазаблантирди.

 

Судланувчилар (Ўзбекистон тумани) фуқаро М.Р, Ф.Т ва С.О олдиндан жиноий тил бириктириб, жорий йилнинг 6 январь куни соат 01:30 ларда Қўқон шаҳар Жасорат кўчасида Ф.Н.нинг яшаш хонадонига ўғирликка тушишади. Улар юзларига ниқоб тақиб, қўлларига қўлқоп кийган ҳамда скотч, арқон ва икки дона пичоқ билан қуролланганди. Бу пайтда уй эгалари ширин уйқуда эди. С.О вазиятни кузатиш учун ҳовлида қолади. М.Р ва Ф.Т моддий бойликларни эгаллаш учун уй ичкарисига кириб, ётоқхонага ўтишган. У ерда ухлаб ётган хонадон эгасининг турмуш ўртоғига бир маротаба пичоқ уриб, шовқиндан уйғонган Ф.Н.га ҳам бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказган. Бу ишларини давом эттириб, эр-хотинни ўта шафқатсизлик билан ўлдирган.

 

Хўш, бу ёш йигитларни бундай қотилликка нима ундаган эди? Судда М.Рнинг айтишича, бошқалардан пул қарзи кўпайиб қолганлиги учун ўзига тўқ оилаларнинг уйига ўғриликка тушишни мақсад қилган. Бу ишга қариндошларини ҳам жалб этиб, Ф.Н.ни Қўқон шаҳридан уй олишидан хабар топади. Унда катта миқдорда пул борлигини тахмин қилганлигини билдириб, ана шундай қабоҳатга қўл урган.

 

Дастлабки тергов органи судланувчиларнинг фаразларига асосланиб, уларни жуда кўп миқдордаги мулкни босқинчилик билан эгаллашда айблаган. Ишда М.Р, Ф.Т ва С.Онинг 80 минг АҚШ долларини босқинчилик билан эгаллаганини тасдиқловчи далиллар тўпланмаган. Суд жараёнида бундай далиллар аниқланмади.

 

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси Б.Эргашевнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, суд ҳукми билан М.Рга узил-кесил умрбод, Ф.Тга 25 йил, С.Ога эса 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

loading...